Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Ш.Тешаев республикамизда жойлашган фермер хўжаликларида олиб борилаётган агротехник ишларнинг бориши билан танишди.
Улар Амударё туманидаги «Диёрбек Қанжиғали» фермер хўжалигида хорижий ғўза навларини экишда қўлланиладиган Хитой технологияси, томчилатиб суғориш ва маҳаллий навлардан ҳимоя зоналарини ташкил этиш усулларини кўриб чиқди.
– Ўрганишлар давомида Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов агротехник тадбирларнинг ўтказилишини ижобий баҳолаб, уларни янада самарали ташкил этиш бўйича тавсиялар берди, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосори Акбар Козиев.-Шунингдек, мутасаддиларга мавсум давомида дала ишларини сифатли ташкил этиш, озиқлантиришда белгиланган меъёр ва тартибларга амал қилиш ҳамда агротехник тадбирларда илмий асосланган ёндашувларни жорий этиш бўйича кўрсатмалар берди.
Ўрганишлар давом этмоқда.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси