Ҳафталик доирасида қатор тадбирлар амалга оширилмоқда

293

Республикамизнинг барча ҳудудларида «Ўзбекистон китобхонлар юрти» шиори остида V Республика «Китобхонлик ҳафталиги» ўтказилиши белгиланган эди.

Беруний туманидаги Ахборот-кутубхона марказида ҳафталик давомида турли тадбирлар, давра суҳбатлари, шоирлар билан учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган, – дейилади Беруний тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати бўлими берган маълумотда.

Тадбирлар доирасида шоир Муҳаммад Юсуф таваллудига бағишланган хотира кечаси ташкил этилди. Китобхонлар шоирнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида маълумотлар бериб ўтди.

Шунингдек, бадиий адабиёт мутолаасига қизиқувчи ёшлар билан ўзаро мулоқотлар ўтказилди.

Тадбир давомида «Мен севиб ўқиган асар» мавзусида мулоқотлар бўлиб ўтди. Китобхонлар ўзлари севиб ўқиган асарларининг қаҳрамонлари образларини очиб беришга ҳаракат қилди.

– Беруний тумани Ахборот-кутубхона маркази 57 минг китоб фондига эга бўлиб, шундан 40 мингтаси бадиий адабиётлардир. 12 846 китобхон аъзо бўлиб китоб фондидан мунтазам фойдаланиб келади. Марказда 12 та тўгарак ташкил этилган. Шунингдек, 6 та жойда кўчма кутубхоналар мавжуд. Кутубхонада кўзи ожиз ўқувчи китобхонлар учун Брайл алифбосидаги китоблар тўплами мавжуд. Уларнинг талаб ва истакларига кўра китоб фонди қўшимча адабиётлар билан тўлдириб борилади. Китобхонлик ҳафталиги давомида маънавиятини бойитиш истагидаги барча китобхонларни фаолликка чорлаб қоламиз, – дейди туман ҳокимлиги Ахборот хизмати бўлими бошлиғи А.Уразова.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги