Талаба-ёшларни эзгуликка йўналтирувчи фестиваль

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 14 февраль куни ёшлар билан бўлган учрашувида эртанги келажагимиз эгаларининг маънавий тарбияси ва мафкуравий иммунитетини кучайтириш, уларни ёт ғоялардан ҳимоя қилиш бизнинг ҳар биримизнинг вазифамизга айланиши шартлиги тўғрисида яна бир бор таъкидлаган эди.
Ёш авлодда миллий маънавиятни шакллантириш, қадриятларимизга ҳурмат туйғусини янада кучайтириш, ёшларнинг орзуларини рўёбга чиқариш мақсадида, республикамизда жойлашган олий ўқув юртларида «Ўзбекистон – ягона Ватан» шиори остида «Талабалар баҳори фестивали» номли маънавий-маърифий байрам тадбирлари бўлиб ўтмоқда.
Хусусан, «Юлдузли кино» лойиҳаси доирасида янги бадиий фильмнинг премьераси талабалар эътиборига ҳавола этилди.
Ушбу лойиҳани ўтказишдан асосий мақсад – талабалар ўртасида кино санъатига бўлган қизиқишни ошириш, ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш ва маданий-маърифий муҳитни янада бойитишдан иборат. Бундай ташаббуслар орқали талабалар ижодий фикрлаш ва санъатга меҳр қўйиш борасида янада илҳомланмоқда.
Шунингдек, фестиваль доирасида Нукус давлат техника университетида «Заковат» интеллектуал турнири ташкил этилди.
Мусобақада жамоалар 20 та мантиқий ва илмий саволларга жавоб бериш билан бирга ўзларининг зукколигини намойиш этди.





– Фестиваль доирасида бундай танловларни ташкил этишдан мақсад уларнинг салоҳиятини ошириш, дунёқарашини кенгайтириш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этишдир, – дейди Нукус давлат техника университетидаги «Заковат» клуби координатори Низомиддин Қидирниязов.
«Талабалар баҳори» фестивали республикамиз бўйлаб кўтаринки руҳда ташкил этилган ҳолда давом этмоқда.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси