ОАВ ва давлат ўртасида тўсиқлар ортиб бормоқда — Буюк Британияда тадқиқот натижалари

15 апрель куни Press Gazette интернет нашрида чоп этилган мақолада Шеффилд Университети катта лектори Жинрон Тонгнинг Буюк Британияда Ахборот Эркинлиги қонуни ижросига бағишланган тадқиқоти натижалари эълон қилинди. У 31 нафар журналист билан интервью ўтказиб, уларнинг тажрибасини таҳлил қилди.
🔍 Асосий муаммолар
- Марказий ва маҳаллий даражадаги давлат органларидан тўғридан тўғри маълумот олиш билан боғлиқ қийинчиликлар:
- Ахборот сўровларига қонун бўйича белгиланган 20 кунлик муддатда жавоб берилмаган.
- Тегишли маълумотлар мавжуд бўлган ҳужжат ёки ҳисобот ўрнига фақат унинг титул варағи тақдим этилган.
- Маълумот “интернетда бор” деб сўров рад этилган. Бироқ, текширилганда маълумот интернетда мавжуд бўлмаган.
- Полиция ва соғлиқни сақлаш тизими расмийлари маълумот очиқланишининг жамоатчиликка таъсиридан қўрқиб, уни тақдим этмасликка қарор қилган.
- Матбуот хизматлари фаолиятидаги тўсиқлар
- Айрим матбуот котиблари ахборотни “чиқарилиши мумкин бўлган” ва “мумкин бўлмаган” деб таснифлаб, маълумот тарқатиш жараёнини назорат қилмоқда.
- Айрим матбуот хизмат ходимлари журналистлар билан мулоқотдан ўзини олиб қочиб, уларни маълумот учун тўғридан-тўғри кенгаш аъзоларига юбормоқда;
- Саволларга аниқ жавоб беришдан атайин қочиш ҳолатлари ҳам қайд этилган.
Давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш — уларни масъулиятли ишлашга ундайди ва жамиятда қонун устуворлигини мустаҳкамлайди. Бироқ журналистлар ҳам ахборотни тўғри талқин этиши ва уни жамоатчиликни чалғитадиган ёки ҳаддан ташқари салбий тусда тақдим этмаслиги лозим. Шунинг учун, ахборот очиқлигида мувозанатни сақлаш осон вазифа эмас. Бу оммавий ахборот воситалари ва давлат органларининг ўзаро ҳурмат, ишонч ва масъулият асосида ҳамкорлик қилишига боғлиқ.