Ҳиндистондаги йўл-транспорт ҳодисаларидан 172 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган

249

ВВС нашрининг хабар беришича, Ҳиндистонда 2023 йилда 480 мингдан ортиқ йўл-транспорт ҳодисалари (ЙТҲ) юз берган. Уларнинг оқибатида 172 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган.

Ҳодисалар даражаси:

  • Ҳар учинчи ЙТҲ қурбонларга сабаб бўлмоқда.
  • ЙТҲларда кунига 474 киши, ҳар дақиқада эса 3 киши ҳалок бўлмоқда.
  • 35 минг пиёда ҳалок бўлган.
  • Кўплаб велосипед ва мотоцикл минганлар ҳалок бўлган.
  • 10 минг бола бахтсиз ҳодисалар оқибатида ҳалок бўлган.

Ҳиндистонда ЙТҲлар нима сабабдан содир бўлган?

– Транспорт вазирининг таъкидлашича, ЙТҲларнинг сабаби кўп, лекин асосийси инсон омили.

  • ЙТҲларнинг аксарияти транспорт ҳайдовчиларининг тез ва хавфли ҳайдаши туфайли содир бўлган.
  • Қолаверса, автомобилларнинг эскирган ҳолати ва техник жиҳатдан хавфсизлик талабларига жавоб бермаслиги ҳам муҳим омиллардан бири.

Офатларнинг кўплиги нима билан боғлиқ?

  • 54 минг велосипед ва мотоцикл минганлар шлем киймаган.
  • 16 минг ҳайдовчи ва йўловчи хавфсизлик камарини тақмаган.
  • 34 минг ҳалок бўлган ҳайдовчининг ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган.

ЙТҲлар содир бўлишига йўл инфратузилмасидаги камчиликлар ҳам жиддий омил сифатида таъсир кўрсатмоқда. Уларнинг аксариятини сифатсиз ва талабларга жавоб бермайдиган йўл қопламалари, йўл белгилари ва чизиқларининг етарли эмаслиги ёки нотўғри ўрнатилганлиги, бордюр, тўсиқ ва бошқа хавфсизлик воситаларининг етишмаслиги ёки ўрнатилишидаги камчиликлар ташкил этади.

ЙТҲ оқибатларини бартараф этиш харажатлари Ҳиндистон ЯИМнинг 3 фоизига тенг.

ЙТҲларнинг олдини олиш мақсадида қуйидаги чоралар кўрилиши белгиланган: 1. йўлларни муҳандислик жиҳатидан яхшилаш; 2. техник назорат ва стандартлар; 3. аҳолини хабардор қилиш, профилактика. 4. қонунларни қатъий бажариш; 5. тез тиббий ёрдам тизимини такомиллаштириш.

Хулоса:

Ўзбекистонда ҳам ЙТҲлар жиддий муаммолар қаторидан ўрин олган. Улар асосан тезликни ошириш, хавфли ҳайдаш, қоидаларга риоя қилмаслик туфайли содир бўлади. Йўл белгилари ва хавфсизлик воситаларини ўрнатишдаги камчиликлар ҳам бу жараёнга бироз таъсир кўрсатмоқда.

Бироқ, ЙТҲлар сони йил саин камаймоқда: 2021 йилда – 10001, 2022 йилда – 9902, 2023 йилда – 9839, 2024 йилда – 9364 ЙТҲ қайд этилган. Автотранспорт воситалари сони ортиб бораётганини ҳисобга олсак, мамлакатимизда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича тўғри ёндашув танланган, дея оламиз. Ҳайдовчилик курслари сифати устидан назоратни кучайтириш; тезлик чекловларининг жорий этилиши, камералар ва назорат воситалари ўрнатилиши маълум даражада ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги