Кўп китоб ўқиган одам сўз ўғриси бўлмайди

23 апрель – Халқаро китоб ва муаллифлик ҳуқуқи куни
Мулоқотимизда “Китоб – инсоннинг дўсти”, деган жумлани кўп ишлатамиз. Китоб инсонга ҳеч қандай манфаату, миннатларсиз маслаҳат беради. Шунинг учун минг йиллардан бери китоб одамлар қўлидан тушмайди. Қадрланиб, эъзозланиб келинади.
Ҳаттоки китоб учун бутун дунёда махсус кун ҳам белгиланган. Яъни, 23 апрель – Халқаро китоб ва муаллифлик ҳуқуқи куни.
1995 йил Парижда китоблар ва муаллифларга эҳтиром кўрсатиш мақсадида ЮНЕСКОнинг Бош конференцияси бўлиб ўтган. Ушбу йиғилиш барчани, айниқса ёшларни китоб ўқишдан ҳузур топиш, инсониятнинг ижтимоий ва маданий ривожланишига кўмаклашганларнинг тенгсиз ҳиссасини ҳурмат қилишга чақирди.
Ўша кундан бошлаб китоб кўргазмалари, ярмаркалар ўтказиш анъанага айланди. Бу байрам китобсеварларни нафақат билим олиш, фикрлаш, ҳатто ахлоқий қадриятлар билан ҳам бирлаштириб келмоқда.
Хўш, нега китоб билан муаллифлик ҳуқуқи куни бир кунда нишонланади?
Ҳар бир китобнинг ўз яратувчиси, яъни муаллифи, халқ тили билан айтганда ёзувчиси бор. Қўштирноқ ичидаги айрим ижодкорлар эса буюк асарларни кўчириб, ўғирлаб, нотўғри талқин қилинишига сабабчи бўлиб қолишади. Яъни, сўз ўғрисига айланишади. Шу сабабли китоб ва муаллифлик куни бирга нишонланиши бежиз эмас. Ноёб асарлар ёзган инсонларнинг ҳақ-ҳуқуқлари шу тарзда ҳимоя қилинади.
Шунга қарамасдан замонавий медиа оламида айрим блогерлар ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида китобларда келтирилган олтинга тенг сўзларнинг маъносини қўпол тарзда ўзгартириб жойлаштиришни одат қилишган. Бундай сўз ўғриларини бугунги кунда ижтимоий тармоқларда истаганча топиш мумкин.
Машҳурлик ортидан қувиш бугун кўпчилик учун одатга айланди. 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган одамлар ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси орқали танилишни истайди. Албатта, бу жуда яхши ҳаракат ва биз уни қўллаб-қувватлаймиз. Лекин бундай танилиш бировларнинг ижод маҳсулини ўзлаштириш орқали бўлмаслиги керак. Зеро, кўп китоб ўқиган одам халқ орасида севимли бўлади.
Нигора Раҳмонова, ЎзА мухбири