Ислоҳотлар халқ манфаати учун хизмат қилмоқда

Мамлакатимизда барча соҳалар каби қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам йирик ислоҳотлар амалга оширилиб, улар ўзининг ижобий натижасини бермоқда. Айниқса, соҳага хорижий давлатларнинг янги техника ва агротехнологиялари жорий этилиши тажрибали деҳқон-фермерлар учун жуда қулай бўлмоқда.
Бунинг яққол мисолини, бизлар Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан Тахитатош ва Хўжайли туманларига ташкил этилган пресс-тур давомида кўргандек бўлдик.
Тахитатош туманидаги «Тўраев Султамурат бий» фермер хўжалиги бугунги кунда нафақат шу ҳудуддаги, балки, бутун республикамиздаги энг намунали хўжаликлардан бири бўлиб, унга тажрибали тадбиркор деҳқон Тўраев Султамурат раҳбарлик қилади.
Умумий 140 гектар экин майдонига эга бўлган фермер хўжалигида бугунги кунда 60 гектар ерда кузги буғдой, 45 гектар ерда пахта, 5 гектар ерда мева боғи экилиб, уларга агротехник қоидаларга мос парваришлаш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, хўжаликнинг 1 гектар ерида сунъий кўл барпо этилиб, бу ерда балиқлар кўпайтирилмоқда.
– Бундан 20 йил олдин фермер хўжалигини ташкил этган эдик, – дейди хўжалик раҳбари Султамурат Тўраев. – Ўша пайтларда хўжалигимизда бирорта ҳам техника йўқ эди. Қишлоқ хўжалиги соҳасида олиб борилган давлат сиёсати ва хўжалик аъзоларининг тинимсиз меҳнати натижасида, бугунги кунда ўзимиз учун зарур бўлган барча замонавий техника ва агрегатларни сотиб олишга эришдик. Техника деҳқоннинг қаноти деб тўғри айтилган, ушбу техникалар ёрдамида ишларимиз енгиллашиб, экинларни экиш, уларни парваришлаш ва йиғиб олиш ишларини тез кунларда якунлаяпмиз.
Дарҳақиқат, илгари халққа хизмат кўрсатиш соҳасида ишлаган Султамурат Тўраевнинг қишлоқ аҳолиси билан тез тил топишиб, ишнинг кўзини билиб ишлаши, йиллар ўтган сари ўзининг ижобий натижасини бериб, давлатга пахта ва буғдой топшириш бўйича белгиланган режаларни ортиғи билан бажаришига сабаб бўлди. Бунинг натижасида, хўжалик ҳисобида ортиқча маблағ пайдо бўлиб, фермер томонидан уларга замонавий техника ва агрегатлар сотиб олинди.
– Биринчи навбатда мен ерларимнинг текис бўлишига эътибор қаратдим ва хўжаликка ҳайдов трактори, плуг, тирма, ер текисловчи лазер ускуналарини сотиб олдим, – дейди фермер ўша йилларни эслаб. – Ўз вақтида олиб борилган шундай ишлар натижасида, пахта ва ғалла етиштириш бўйича ҳар бир гектар ердан олинадиган ҳосилдорликни анча оширишга муваффақ бўлдик. Хусусан, ўтган йили пахтадан ўртача 40 центнер ва ғалладан 60-65 центнердан ҳосил олишга эришдик.
Шунингдек, хўжалик аъзолари сув тежовчи технологиялардан фойдаланиш, пахта ва буғдойнинг янги навларини экишга ҳам эътибор қаратиб келмоқда.
– Бундан беш йил олдин 750 миллион сўмга ғалла майдонларимизга ёмғирлатиб суғориш технологиясини олиб келиб ўрнатган эдик, – дейди Сулатмурат Тўраев. – Натижаси ёмон эмас. Илгари, мисол учун, бир гектар ерга 200 метр куб сув кетган бўлса, ёмғирлатиб суғориш технологияси бўйича икки баробар кам сув сарфланаяпти. Шу билан бирга, уруғчиликка ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, ўтган йили Жиззах ғаллачилик илмий-тадқиқот институтидан кузги буғдойнинг «Турон» навини олиб келиб, ундан 80 центнердан ҳосил олишга эришдик. Ҳозир ушбу навнинг экин майдонини кенгайтириб, уни 35 гектар ерда етиштиряпмиз. Пахтанинг бўлса, «Султон» навини экиб, ундан мўл ҳосил оляпмиз. 5 гектар ерга Фарғона вилоятидан олиб келиниб экилган, мевали кўчатлар ҳам боққа айланиб, бу йилдан бошлаб мева бера бошлади.
Ушбу ҳудудда жойлашган боғдорчиликка ихтисослашган «Эркин кенегес» фермер хўжалиги ҳам тумандаги энг намунали хўжаликлардан бири ҳисобланади.
2,5 гектар майдонда турли хил мева кўчатларини экиб, ундан мўл ҳосил етиштириб келаётган хўжалик аъзолари нафақат Тахитатош тумани бозорини, балки, Нукус, Хўжайли шаҳарлари бозорларини, қўшни Қозоғистон Республикаси бозорларини ҳам ўз маҳсулотлари билан мунтазам равишда таъминлаб келмоқда.
– Айни пайтда боғимизда олма, ўрик, олхўри, нок, беҳи, шафтоли, анжир дарахтлари бор, – дейди республикамизга машҳур боғбон Иброҳим ҳожи Жумамуратов. Шу боис биз еримизга Фарғонанинг Қува туманидан турк анжири, исфарак ўрик, сохгузали олмаси, шафтоли каби серҳосил ва мазали навларни олиб келиб экдик. Бу йил улар ўзининг мевасини кўрсата бошлади.
Шу билан бирга, хўжаликда 80-90 уя асалари боқилиб, ундан ҳам мўл ҳосил етиштириб келинмоқда.
– Асалари боқишни 2000-йилларда бошлаган эдик, – дейди Иброҳим ҳожи Жумамуратов. – Мана шундан бери, уялар сонини кўпайтириб, бугунги кунда 90 уя боқяпмиз. Асалари ўсимликларнинг чангланишига, ҳосилдорликнинг ошишига ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади. Масалан, кунгабоқар эккан одам унинг ёнида асалари боқмаса, ўсимлик донлари пуч бўлар экан.
Шунинг учун ҳар бир деҳқончилик билан шуғулланувчи одам асалари боқса мақсадга мувофиқ бўлади деб ўйлаймиз. Бизлар етиштирган болимизни бозорга чиқариб сотмаймиз. Харидорларнинг ўзлари уйимизга келиб сотиб олади. Бу ҳам фермер хўжалиги аъзолари учун қўшимча даромад ҳисобланади.
Шу билан бир қаторда ўтказилган пресс-тур давомида республикамизда фаолият олиб бораётган журналистлар билан бирга, Хўжайли туманидаги «Тўлғаной Шукириллаева» ва «Агромир Хўжайли» фермер хўжаликларида бўлиб, уларнинг сўнгги йилларда олиб бораётган ишлари билан яқиндан танишдик ва бугунги кунда халқимизни қизиқтириб келаётган саволларга тегишли ташкилот раҳбарларидан жавоблар олдик.






– Бугунги кунда юртимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, деҳқончиликда ҳосилдорликни ошириш ва экспортга сифатли маҳсулотлар чиқариш долзарб масалалардан бири бўлиб келмоқда. Шу боис ҳозирги вақтда мамлакатимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Уларнинг фаолиятини кенг ёритиш ва уларни кенг жамоатчиликка намуна сифатида кўрсатиш оммавий ахборот воситалари ходимларининг асосий вазифаларидан бири. Шунинг учун вазирлик томонидан журналистлар учун шундай тадбирларни ташкил этиб, иш-режа асосида иш олиб боряпмиз, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот котиби Шарофиддин Абдураҳмонов.
Ўтказилган тадбир жуда мазмунли ўтди.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси