Ёшлар Парламентига сайловнинг иккинчи босқичи Нукусда ҳам қизғин кечмоқда

Сўнгги йилларда юртимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида эътибор қаратилиб, уларни ислоҳотлар жараёнига фаол жалб этиш, ёшларнинг ғоялари ва ташаббусларини рўёбга чиқариш учун кенг имкониятлар яратилмоқда.
Йигит-қизларнинг сиёсий фаоллигини ошириш ва уларнинг қонун ижодкорлиги жараёнига кенг жалб қилиш мақсадида Қонунчилик палатаси ҳузурида ташкил этилган Ёшлар парламенти бугунги кунда ёшларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни қонунчилик жараёнларига жалб этиш ва улар билан давлат ўртасида кўприк вазифасини бажариб келмоқда.
Айни кунларда Республиканинг барча ҳудудларида ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг 2025-йил 6-мартдаги йиғилиши қарори билан тасдиқланган низом доирасида, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоларини сайлаш жараёни бошланган.
Бугун ЎзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши мажлислар залида сайловнинг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи бўлиб ўтди. Унда партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси С.Турманов сўзга чиқиб, мамлакатимизда ёшлар йўналишида олиб борилаётган ислоҳотлар ва партиянинг “Ёшлар қаноти” томонидан олиб борилаётган амалий чора-тадбирлар юзасидан ёшларга атрофлича маълумотлар бериб ўтди.

Ёшлар парламентига сайлов – ёшларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига ҳурмат руҳида тарбиялаш, йигит-қизларда баҳс-мунозара маданиятини шакллантириш, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда ҳар бир партиянинг ёшларга оид таклиф ва ташаббусларини илгари суриш, вакиллик органларига номзодлар захирасини шакллантириш, муносиб ёшларни Ёшлар парламентига сайлаш мақсадида ўтказилади, – дея таъкидлади ЎзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси С.Турманов.
Мазкур сайловда иштирок этаётган 316 нафар номзодлар 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган олий (тугалланмаган олий) маълумотга эга, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, сиёсий партиямизга аъзо, хайрихоҳ фаол ёшлар ҳисобланади. Шунингдек, сайловга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ёрдамчилари ва партия тизимида фаолият юритувчи ходимлар ҳамда Ёшлар парламентига аввалги сайловда сайланганлар ҳам номзод сифатида ҳужжат топширишди. Энг асосийси, мазкур сайловда гендер тенгликка эътибор қаратилган бўлиб, номзодлар умумий сонининг камида 30 фоизини хотин-қизлар ташкил этади.
– Сайловни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби, шартлари, низоми, мақсад ва вазифалари, унинг тарғиботи борасида аниқ кўрсатмалар асосида ташкил этилди, – дейди ЎзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши бўлим мудири Клара Худайбергенова.- Унга мувофиқ Ёшлар парламентига сайлов жараёнида ёшларнинг тўлақонли ва самарали иштирокини таъминлашда ҳудудий сайловолди штаби ташкил этилди ҳамда сайловни очиқ, ошкора ва холисона ўтказиш мақсадида партия ҳудудий ҳамда туман (шаҳар) Кенгашларида Ташкилий қўмита ва Ҳакамлар ҳайъати тайинланди ва фаолиятини йўлга қўйиш учун барча шарт-шароитлар яратилиб берилди.
Сайлов жараёни икки босқичда ташкил этилди. Иккинчи Қорақалпоғистон Республикаси саралаш босқичида 57 нафар ёш иштирок этди.
Саралаш босқичида номзодларнинг давлат тилидаги саводхонлик даражаси, сиёсий партия фаолиятидаги иштироки, қонунчилик соҳасидаги билим ва кўникмаси, қонунчиликни такомиллаштириш бўйича асослантирилган таклифлари, давлат бошқарувига оид билими, сиёсий ва ҳуқуқий саводхонлиги, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга муносабати ҳамда етакчилик қобилияти кабиларга алоҳида эътибор қаратилди.
Тақдим этилган барча ҳужжатлар, ҳакамлар ҳайъати ва ташкилий қўмиталар томонидан очиқлик, ошкоралик ва адолат тамойиллари асосида ўрганилиб, энг муносиб ва фаол 9 нафар номзодлар Ўзбекистон Республикаси босқичида иштирок этиш имкониятига эга бўлишди.
Қорақалоғистон ахборот агентлиги