​Халқ таълими тизими бошқаруви жиддий танқид қилинди

Танқидий-таҳлилий ўрганиш натижалари халқ таълими тизими бошқарувида жиддий камчиликлар борлигини кўрсатмоқда.
Бу ҳақда давлатимиз раҳбарининг жорий йил 5 сентябрдаги “Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида қайд этилди.
Давлат умумий ўрта таълим муассасаларининг фаолиятини амалий жиҳатдан мувофиқлаштириш, уларнинг моддий-техник ҳолатини яхшилаш бўйича тадбирларни молиялаштиришда бир қатор муаммолар ва камчиликлар мавжудлиги аниқланган.
Булар:
– жойларда умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш, умумтаълим муассасалари раҳбарларини танлаш ва жой-жойига қўйиш масалаларини ҳал этиш, идоравий мансуб ташкилотларнинг мулкидан самарали фойдаланишда халқ таълими бошқарув органлари ролининг етарли даражада эмаслиги;
– умумтаълим муассасалари раҳбарлари зиммасига уларга хос бўлмаган вазифалар ва функцияларни юклаш, муассаса директори ва унинг ўринбосарлари ўртасида ваколатларнинг аниқ тақсимланмаганлиги,улар фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг аниқ мезонлари ва параметрлари мавжуд эмаслиги;
– умумий ўрта таълимнинг долзарб масалалари ва уларнинг натижаларини амалиётга татбиқ этиш бўйича чуқур илмий тадқиқотларнинг мавжуд эмаслиги, ўқув-тарбия жараёнини услубий таъминлаш масалаларида халқ таълими бўлимлари ва умумтаълим муассасалари ўртасида ўзаро ҳамкорлик даражасининг пастлиги;
– раҳбарлар, ўқитувчилар ва умумтаълим муассасалари бошқа ходимларининг касбий фаолиятига асоссиз равишда аралашувдан ҳимоя қилиш механизмларининг самарасизлиги, назорат қилувчи ва бошқа давлат органлари томонидан мактабларни текшириш ҳаддан зиёд кўпайиб кетганлиги;
– таълим сифатини таъминлаш, ўқитувчиларнинг билим даражасини ва педагогик маҳоратини ошириш масалаларида умумтаълим муассасалари фаолиятидаги очиқлик ва шаффофлик даражасининг етарли даражада эмаслиги, ўқув-тарбия жараёни устидан самарали жамоатчилик назоратининг мавжуд эмаслиги;
– халқ таълими тизими муассасаларини молиялаштириш ва моддий-техник таъминлаш механизмининг мукаммал эмаслиги, уларнинг фаолиятига замонавий меъморий ечимлар, инновацион ишланмаларнива ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш даражасининг пастлиги кабилардир.
Айни муаммоларни қонуний йўл билан бартараф этишда мазкур фармон муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

 

ЎзА​