Пресс-тур
Қорақалпоғистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида Амударё туманига Пресс-тур ташкил этилди. Тадбир давомида журналистлар тумандаги янги иш бошлаган тадбиркорларнинг ишлари билан бирга томорқадан унумли фойдаланиб, ўз хонадонига қўшимча даромад келтираётган оилаларнинг ҳолатлари билан танишди. Медиа-тур нафақат маҳаллий тадбиркорликнинг бугунги кундаги ривожланиш ҳолати, балки унинг келажаги ҳақида ҳам чуқур мулоҳаза юритишга чорловчи тадбир бўлди.
Биз танишган объектларда янги очилган имкониятлар, янги иш ўринлари ва энг муҳими, маҳаллий аҳоли турмушини яхшилашга қаратилган эътибор Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастурининг туман миқёсида амалга оширилаётгани билан қадрлидир. Тадбиркорлар фаолиятини йўлга қўйишда давлат томонидан кўрсатилган кўмак, хусусан, субсидиялар ва имтиёзли кредитлар катта мадад бўлган. Бугун улар ўзлари яратган иш ўринлари орқали бошқа фуқароларга ҳам янги умид, янги имкониятлар бағишламоқда.
– Туманимизда камбағалликни қисқартириш йўналишида тизимли ишлар олиб борилиб, бугунги кунда 2 933 оила (12 432 нафар аҳоли) камбағаллик реестрига киритилган бўлиб, жорий йилнинг иккинчи чорагида 697 оилани камбағалликдан чиқариш режалаштирилган бўлиб, амалда 852 оила (3796 нафар аҳоли) нинг камбағалликдан чиқарилишига эришилди. Шунингдек, «Камбағалликдан фаровонликка» дастури доирасида 8 914 та оила ижтимоий ҳимоянинг ягона реестрига киритилган. 49 та маҳалла еттилиги томонидан 9 298 та оила хатловдан ўтказилиб, 4-5 тоифадаги 909 та оиладан 520 та оила танлаб олиниб, улар билан индивидуал иш олиб бориш мақсадида Республика ва туман миқёсидаги масъул раҳбарлар бириктирилди. Ушбу 520 та оиланинг ҳар бири учун алоҳида индивидуал дастурлар ишлаб чиқилиб, 1970 та тадбирни амалга ошириш режалаштирилди, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг Амударё тумани бўлими бошлиғи Мамуржон Темирбаев.
Биз саноат зонасида жойлашган, тадбиркор Дилдора Хайтбоева раҳбарлик қилаётган сутдан тайёрланадиган маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Kamron Gold Медиа» МЧЖ ҳамда «Равшанбек-Юлдузхон» хусусий корхонасига қарашли нон ва қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехида бўлдик.
Тадбиркор Дилдора Ҳайитбоеванинг таъкидлашича, 2008 йилда онаси билан ҳамкорликда кунига 100 та нон ва патир ёпишдан бошлаган кичик тадбиркорлик фаолияти бугунги кунга келиб 33 нафар ишсиз фуқаронинг бандлигини таъминлаган ишлаб чиқариш корхонасига айланган. Эътиборлиси, корхонада ишлаётганларнинг аксарияти ижтимоий ҳимояга муҳтож, «Аёллар дафтари»да турган маҳаллий фуқаролар бўлиб, бугун доимий иш билан таъминланиши натижасида оилавий шароитлари тобора яхшиланмоқда.
Тадбиркорнинг фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорлик, инновацион технологиялар ва инфратузилмаларни жадал суръатларда ривожлантириш тўғрисида»ги Фармони асосида 200 минг АҚШ доллари миқдоридаги имтиёзли банк кредити ҳисобидан Хитой Халқ Республикасидан замонавий дастгоҳлар, асбоб-ускуналар олиб келиниши натижасида янада ривожланмоқда.
Бугунги кунда «Kamron Gold Media» МЧЖда 10 дан ортиқ турдаги сут маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Кунига 600 литрдан ортиқ сут қайта ишланади. Ишлаб чиқарилган сут маҳсулотлари тумандаги давлат мактабгача таълим ташкилотларига шартнома асосида етказиб берилади. Корхонанинг 4 та етказиб бериш машиналари мавжуд бўлиб, ишлаб чиқарилган маҳсулотлар шу куннинг ўзида истеъмолчиларга етказиб берилади. Манғит деҳқон бозорида ҳам корхонага қарашли ярмаркалар ташкил этилган бўлиб, маҳсулотлар аҳолига мақбул нархларда сотилмоқда.
Кейинги борган манзилимиз «Ал-кафил бизнес пласт» МЧЖ бўлиб, бу корхона нафақат туман ички бозорини, балки қўшни туманлар ва қўшни вилоятларни ҳам ўз маҳсулотлари билан таъминлаб келмоқда. Бугунги кунда корхонада 15 нафарга яқин ишсиз фуқаролар иш билан таъминланган. Корхона раҳбари, тадбиркор Аллаберган Ёрназаров ўз фаолиятини 2019 йилда бошлаган бўлиб, Халқ банки томонидан ажратилган 37 минг АҚШ доллари миқдоридаги имтиёзли кредит эвазига Хитой Халқ Республикасидан пластмасса маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи ускуналар олиб келган. Айни пайтда жамиятга қарашли цехда аҳолининг кундалик ҳаёти учун фойдаланиладиган 10 дан ортиқ турдаги, турли ҳажмдаги хўжалик пластмасса буюмлари ишлаб чиқарилмоқда.
– Бу ерда ишлаётганимга бир йилга яқинлашди. Ўзим сув челак ишлаб чиқарадиган станокда тураман. Кунига 200 дан ортиқ сув баки ишлаб чиқарилади. Иш ҳақларимиз ўз вақтида берилмоқда. Ишсиз уйда ўтирган пайтимда шу иш топилганидан хурсанд бўлдим, – дейди корхона ишчиси Зулфия Юсупова.
Медиа-тур доирасида яна бир эътиборга молик жиҳат – бу намунали томорқа эгаларининг тажрибаси билан танишишимиз бўлди. Туманда кўплаб оилалар ўз томорқаларидан самарали фойдаланиб, кўчат парвариши, полиз маҳсулотлари етиштиришни муваффақиятли ташкил этган. Бу эса нафақат оилавий даромад манбаи, балки қишлоқ жойларда доимий бандликни таъминлашнинг намунаси сифатида баҳоланади.
-Нафақада бўлганимиз билан ҳеч қачон қараб ўтирмаганмиз,-дейди Жайҳун ҚФЙ аҳолиси Ўғилжон Ҳайтжанова. – Оила аъзоларимиз биргаликда уй ёнидаги томорқамизнинг беш сотих ерига бодринг экиб қўйган бўлсак, икки гектар ерида кўчат етиштиряпмиз. Бу ишларни йўлга қўйиш учун ҳоким ёрдамчисининг учун ҳоким ёрдамчисининг ёрдами билан 2022 йилда 30 миллион сўм банкдан имтиёзли кредит олдик. «Ҳаракатга барака,» деганларидек, даромадимиз яхши. Яқинда бодрингларимиздан ҳосил олиб бошлаймиз ва бозорга чиқарамиз. Шунингдек, полиз маҳсулотлари кўчатларини етиштириб, сотувга чиқара бошлаймиз. Шу ернинг шарофати билан болаларимизни ўқитиб, уйлантириб, тўйлар қилиб, яхши ҳаёт кечиряпмиз. Одам дангасаликдан қутулиб, меҳнат қилса кўплаб ютуқларга эришади.
Яқинда «Аму плаза» оилавий корхонаси томонидан ишга туширилган меҳмонхона ҳаёти билан танишиб, у ердаги меҳмонларга яратилган қулайликларни кўрдик.
– Бу меҳмонхонамиз 27 ўринга мўлжалланган бўлиб, 3 млрд маблағ ҳисобидан қуриб битказилди. Беш кишининг бандлигини таъминладик. Меҳмонхонамиз дарбанд йўл бўйида жойлашганлиги сабабли асосан сайёҳларга хизмат кўрсатиб келмоқдамиз. Бунинг учун имкониятларимиз етарли, – дейди меҳмонхона иш юритувчиси С.Абдураимов.
Амударё туманида бўлаётган ижобий ўзгаришлар, бу ҳудудда ишбилармонлик муҳити жонланаётганидан далолат беради.
Медиа-тур якунида журналистлар томонидан кўрилган объектлар ва у ердаги фаолият ижобий баҳоланиб, бундай ташаббуслар бутун республика бўйлаб кенг оммалаштирилиши кераклиги таъкидланди.
Биз гувоҳи бўлганимиздек, тадбиркорлар фаолиятини йўлга қўйишда давлат томонидан кўрсатилган кўмак, хусусан, субсидиялар ва имтиёзли кредитлар катта мадад бўлган. Бугун улар ўзлари яратган иш ўринлари орқали бошқа фуқароларга ҳам янги умид, янги имкониятлар бағишламоқда. Бу албатта яхши натижа.
Г.Турдишова, Қорақалпоғистон ахборот агентлиги