Яна 24 та фуқаро ўз мулкига қонуний эгалик қиладиган бўлди

411

 Қорақалпоғистонда 24 фуқаронинг уй-жойга бўлган ҳуқуқлари тан олинди.

«Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни тан олиш тўғрисида»ги Қонуннинг 4-11-моддаларига кўра дастлабки ҳуқуқлар тан олинди.

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йилдаги «Қорақалпоғистон Республикаси аҳолисини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва жисмоний шахслар томонидан қурилган уй-жойларга бўлган ҳуқуқларни тан олиш тўғрисида»ги фармонига мувофиқ республикамиздаги 27590 та уй-жойнинг ижара ва мулк ҳуқуқлари тан олинган эди. Президентимиз томонидан 2024 йил 5 август куни «Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни тан олиш тўғрисида»ги қонун имзоланди. Ўзбекистон кадастр агентлиги томонидан график асосида хатлов ишлари олиб борилиб, дастлабки натижаларга эришилди, – дейди Давлат кадастрлар палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасининг жамоатчилик билан алоқалар бўйича бош мутахассиси Парахат Ажимуратов.

Хусусан, Чимбой, Кегейли, Тахтакўпир, Қораўзак ва Амударё туманларидаги жами 24 та уй-жой эгалари тўлиқ мулк ҳуқуқини қўлга киритди. Энди бу фуқаролар ўз мол-мулкларига қонуний тарзда эгалик қиладиган бўлди.

Қонун билан фуқаролар ва тадбиркорларнинг мулкка бўлган ҳуқуқлари тартибга солинади, фуқаролар ўртасидаги мулкчилик, шунингдек, мерослар билан боғлиқ низоларга ечим топилади. Бундан ташқари, аҳолининг ижтимоий масалалари (доимий рўйхатга қўйиш, моддий ёрдам олиш, мактаб, боғчага жойлаштириш) ҳамда бино ва иншоотларни коммунал тармоқларга улаш бўйича масалалари ҳал этилади.

Қонун талаблари ижросини таъминлаш мақсадида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида Давлат кадастрлари палатаси мутахассислари томонидан маҳаллаларда хатлов ишлари давом этмоқда. Хатлов натижаларига мувофиқ ҳар бир объект тўғрисида маълумотлар ва комиссия хулосалари etirof.kadastr.uz тизимига киритиб борилмоқда.

2025 йил 18 апрель кунги маълумотга кўра, Қорақалпоғистон Республикасида 80 та маҳаллада 19 минг 349 та турар жой ва нотурар жой объектлари хатловдан ўтказилиб, 7854 та объект автоматлаштирилган ахборот тизимига киритилди. Шундан, 5375 объект комиссияда ва 2479 объект жамоатчиликка эълон қилинган.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг сессия қарори билан Чимбой, Кегейли, Тахтакўпир, Қораўзак ва Амударё туманларидаги 24 та уй-жой эгаларининг ўзбошимчалик билан ва ортиқча эгаллаган ерларига, уларда қурилган турар жойларига ижара ва мулк ҳуқуқлари эътироф этилди.

Давлат кадастрлари палатаси томонидан бу борадаги чора-тадбирлар давом эттирилмоқда.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги