Қарздорлик ҳисобига банклар балансига олинган мол-мулклар реализацияси жадаллаштирилади

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Қарздорлик ҳисобига банклар балансига олинган мол-мулклар реализациясини жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, муддати ўтган ўтган қарздорликни ундириш механизмларини такомиллаштириш ва банк балансидаги ҳаракатсиз мол-мулкларни сотиш имкониятларини ошириш орқали банкларни молиявий соғломлаштириш ҳамда қайтган молиявий ресурс ҳисобидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятини молиялаштириш мақсадида банклар балансидаги ҳаракатсиз мол-мулклар улушини камайтириш, жумладан, 2025-2026 йилларда камида 4 триллион сўмлик ушбу турдаги мол-мулкларни сотиш белгиланди.
2025 йил 1 майдан бошлаб устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган банкларга ва улар ҳузуридаги инвестиция компанияларига аукционда сотилмасдан қарздорликларни сўндириш эвазига банк балансига олинган мол-мулкларни бозор қийматида тўғридан-тўғри сотишга, шу жумладан, кредит, бўлиб-бўлиб тўлаш, лизинг шартномалари ёки қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа битимлар орқали сотишга рухсат этилади.
Тижорат банкларига қарздорликларни сўндириш эвазига банк балансига қабул қилинган бино-иншоотлар, технологик ускуналар ва бошқа мол- мулклар негизида тижорат банклари ҳузуридаги инвестиция компаниялари орқали тўхтаб қолган ишлаб чиқариш (хизмат кўрсатиш) фаолиятини тиклаб, уларни тайёр бизнес сифатида салоҳиятли инвесторларга сотиш ҳуқуқи берилади.
ЎзА