Имкониятлардан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди

270

Қорақалпоғистон Республикаси Солиқ бошқармаси бошлиғи Х.Бекчанов ва Хўжайли тумани ҳокими Ж.Эрмашев тумандаги кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан очиқ мулоқот ўтказди.

Учрашувда солиқ соҳасидаги сўнгги ўзгаришлар, хусусан, Президентимизнинг жорий йил 19 мартдаги «Кичик ва ўрта бизнеснинг иқтисодиётдаги ўрнини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ тадбиркорлик субъектларига берилаётган имкониятлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Тадбиркорлар сафини янада кенгайтириш, яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланишини таъминлаш мақсадида ташкил этилаётган учрашувларда солиқ қонунчилигига оид ўзгариш ва янгиликлар ҳақида сўз юритилиб, хусусий сектор вакилларининг мавжуд муаммо ва таклифлари ўрганилмоқда.

Тадбиркорларнинг солиқ имтиёзларини қўллаш, нотурар жой объектларига мол-мулк солиғини ҳисоблаш, банк ва кадастр идоралари билан боғлиқ муаммо ва таклифлари тингланиб, ижобий ҳал этиш чоралари кўрилди.

Учрашувда иштирокчиларнинг фикр-мулоҳазалари тингланиб, улар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.







Қорақалпоғистон ахборот агентлиги