Илм-фан тараққиёти йўлида

620

Юртимиз – илм-фаннинг ўчоғи, алломалар Ватанидир. Илму маърифатга бўлган иштиёқ азалдан халқимизнинг қонига сингиб кетган. Буюк бобокалонларимиз ўзларининг юксак ақл салоҳиятлари билан дунё тамаддунига салмоқли ҳисса қўшганлар. Бугун уларнинг муносиб давомчилари бўлган олимларимиз борки, улар фан тараққиёти йўлида самарали фаолияти билан жаҳон илм-фанида муносиб ўринга эга.

Ана шулардан бири таниқли олим, математик физика ва функционал анализ соҳасидаги, дифференсиал операторларнинг спектрал назарияси, математик физика тенгламалари учун чегаравий масалалар назарияси ва гармоник анализга улкан ҳисса қўшган йирик мутахассис, физика-математика фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги, Беруний номидаги давлат мукофоти лауреати Шавкат Алимовдир.

Ш.Алимов дифференциал операторларнинг спектрал назарияси ҳамда гармоник анализ соҳасида илмий мактаб яратган, республикамизда фан ва олий таълимнинг жонкуяр ташкилотчиси, математика ривожига салмоқли ҳисса қўшган атоқли олим, давлат ва жамоат арбобидир.

Марказий Осиёда, хусусан, Ўзбекистонда математик тадқиқотларнинг янги йўналиши – дифференциал операторларнинг спектрал назарияси, математик физиканинг замонавий усуллари ривожланиб бориши ҳамда ҳозир ушбу йўналишдаги дунёга таниқли илмий мактабнинг ташкил этилиши ва унинг жадал ривожланиши бевосита академик Ш.Алимов номи билан узвий боғлиқдир.

Шу кунларда табаррук 80 ёшини қарши олган олимнинг босиб ўтган узоқ ва машаққатли йўлига назар ташлар эканмиз, ҳамиша илмга бўлган иштиёқ, тартиб-интизом, юксак хулқ ва тарбия, ўз ишига садоқат унинг муваффақиятларига йўл очган десак муболаға бўлмайди.

Шавкат Алимов 1945 йили Нукус шаҳрида хизматчи оиласида туғилган. Тошкентдаги 88-мактабни 1962 йили олтин медал билан битиргач, Москва давлат университетининг Физика факультетига ўқишга киради ва уни Математика кафедраси бўйича 1968 йили имтиёзли диплом билан тамомлайди. 1968-1970 йилларда шу кафедрада аспирантурани профессор Владимир Ильин раҳбарлигида ўтайди ва 1970 йили собиқ Иттифоқ Фанлар академияси қошидаги Амалий математика институти Илмий кенгашида академик М.Келдиш раислигида функциялар назарияси ва функционал анализ йўналиши бўйича номзодлик диссертациясини ҳимоя қилади.

1970 йилдан ўзининг меҳнат фаолиятини Москва давлат университетининг шу вақтда очилган Ҳисоблаш математикаси ва кибернетика факультетида ассистент лавозимида бошлайди, 1972 йилдан 1974 йилгача эса доцент лавозимида ишлайди.

1973 йили Москва давлат университетининг Ҳисоблаш математикаси ва кибернетика факультетининг Илмий кенгашида математик физика тенгламалари бўйича докторлик диссертациясини 28 ёшда муваффақиятли ҳимоя қилди. 1973 йили математик физика тенгламаларининг спектрал назарияси бўйича изланишлари учун мамлакат ёшларининг олий мукофоти совринига сазовор бўлди. 1974 йили Москва давлат университети Ҳисоблаш математикаси ва кибернетика факультетининг профессори лавозимига танлов асосида сайланди.

1974 йилдан 1984 йилгача МДУ Ҳисоблаш математикаси ва кибернетика факультетининг Умумий математика кафедраси профессори бўлиб ишлаган. Шу давр мобайнида докторлик диссертациясини ҳимоя қилиш бўйича иккита ихтисослашган кенгаш аъзоси бўлган. 1970 йилдан 1984 йилгача устози профессор В.Ильин билан биргаликда математик физиканинг функционал усуллари бўйича илмий-тадқиқот семинарига раҳбарлик қилган.

Ўша йилнинг сентябридан олим фаолиятини Тошкент давлат университетига (ҳозирги Ўзбекистон Миллий универститети) кўчиради. 1985 йилдан бир муддат Ўзбекистон Фанлар академияси Математика институти директори ўринбосари сифатида ишлайди.

1985-1987 йилларда Самарқанд давлат университетига, 1987-1990 йилларда эса Тошкент давлат университетига раҳбарлик қилди. Унинг раҳбарлик фаолиятидаги муваффақиятлари муносиб эътироф этилди. 1990-1992 йилларда Олий ва ўрта махсус таълими вазири сифатида фаолият олиб борди.

Олимнинг халқаро муносабатлардаги билим ва тажрибаси ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Чунончи, 1994-1995 йилларда Шавкат Алимов Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари бўлиб ишлайди. 1995-1998 йилларда мамлакатимизнинг Хитой Халқ Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси, 1998-2003 йилларда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университетининг Илмий ишлар бўйича проректори вазифаларида, 2000-2001 йилларда АҚШнинг Калифорния технологик институтида (Cаltech) профессор-тадқиқотчиси (Visiting Researcher) бўлган. Тошкентга қайтгач, 2012 йилгача Ўзбекистон Миллий университети Математик физика кафедраси профессори лавозимида ишлади. Шу билан бирга, 2006 йилдан Москва давлат университети Тошкент филиалининг Амалий математика факультети профессори бўлиб ишлаган.

2012 йилдан 2017 йилгача Куала-Лумпурдаги Малайзия микроэлектроник системалар (МИМОС) институтининг математик моделлаштириш лабораториясига раҳбарлик қилиб келди, шу билан бирга, шу институтнинг (Chief Scientist) бош олими сифатида фаолият кўрсатди.

2017 йилдан 2019 йилгача Ўзбекистон Миллий университетининг Дифференциал тенгламалар ва математик физика кафедраси профессори лавозимида ишлади. 2019 йилдан ҳозирги вақтгача “Интеллектуал дастурлаш тизимлари” илмий-амалий марказининг илмий консультанти ва Ўзбекистон Миллий университети ректорининг маслаҳатчиси сифатида фаолият кўрсатиб келмоқда.

Ш.Алимовнинг асосий илмий фаолияти хусусий ҳосилали диференциал тенгламаларнинг спектрал назарияси ва математик физика тенгламалари учун чегаравий масалалар назариясига бағишланган бўлиб, бунда, айниқса, унинг илмий раҳбари академик В.Ильин тадқиқотларининг таъсири катта бўлган.

Ўтган асрнинг етмишинчи йиллари бошида Шавкат Алимов томонидан ихтиёрий тартибли силлиқ коэффициентли эллиптик операторлар билан боғлиқ спектрал ёйилмаларнинг яқинлашиши ва жамланиши масалалари бўйича изланишлар олиб борилган. Дифференциалланувчи функцияларнинг энг муҳим синфлари учун спектрал ёйилмаларнинг функцияга текис яқинлашувчи бўлишлигини таъминлайдиган аниқ шартлар топилган. Топилган шартлар ҳаттоки математик физиканинг Лаплас оператори каби классик операторлар учун ҳам янгилик бўлди. Ўша даврда Ш.Алимовнинг илмий ишларида Lp синфдан олинган функция спектрал ёйилмасининг жамланиш масаласи ўрганилган ва унда биринчи марта спектрал ёйилманинг Рисс ўртачаси ҳеч бир нуқтада жамланмайдиган, шу синфдан олинган функцияга мисол қурилди.

1970 йиллар охирида А.Бицадзе таклифи билан Шавкат Алимов томонидан иккинчи тартибли эллиптик тенгламалар учун бузилувчи оғма ҳосилали чегаравий масалалар ўрганилди. Унинг томонидан, хусусан, чегаравий шартни аниқловчи вектор майдоннинг уриниш тартибига боғлиқ ҳолда ечим силлиқлиги йўқолишининг аниқ тартиби топилган. Бироз кейинроқ шунга ўхшаш натижалар швед математиги Бент Винцел томонидан олинди.

Таъкидлаш керакки, Шавкат Алимов томонидан бу масалани ечиш учун ишлаб чиқилган усулни ихтиёрий характердаги (даражали бўлиши шарт бўлмаган) уринишга эга бўлган ва ечим силлиқлигининг йўқолишини тасвирлаш учун функциялар синфидан умумлашган силлиқлик талаб қилинадиган ҳолларда ҳам қўллаш мумкин бўлди.

1980 йиллар бошида Ш.Алимов томонидан сингуляр коеффициентли эллиптик тенгламалар учун тадқиқотлар олиб борилди. Бундай тенгламалар синфига нафақат айрим нуқталарда, балки чексизликка кетувчи кўпхилликларда ҳам махсусликка эга потенциалли Шредингер тенгламаси тегишли бўлади. Бунга муҳим мисол сифатида квант механикасидаги ўзаро кулон кучлари таъсиридаги кўп заррали системани ифодаловчи Шредингер операторини келтириш мумкин. Бу каби тенгламалар учун спектрал функциянинг аниқ баҳоси ва ихтиёрий функцияни спектрал ёйилмалар ёрдамида ифодаланиш шартлари аниқланди.

Бу даврда Шавкат Алимов томонидан нолокал чегаравий масалаларнинг спектрал хоссалари ўрганилди, бу масалаларда изланаётган функциянинг чегаранинг айрим қисмидаги қийматлари билан унинг соҳа ичидаги нуқталардаги қийматлари чегаравий шартлар орқали боғланади. Бу типдаги масалалар биринчи марта А.Бицадзе ва А.Самарский томонидан қўйилган ва ўрганилган. Бу каби масалаларнинг хусусияти шундаки, улар ўз-ўзига қўшма бўлмайди ва шунинг учун уларнинг спектри классик ҳолга қараганда мураккаб характерга эга бўлиши мумкин. Олим бир қатор нолокал чегаравий масалалар учун тўла хос функциялар системаси мавжудлиги ва мос системаларнинг базислигини исботлашга эришди.

Шу билан бирга, академик Шавкат Алимов қирқ йил давомида мактаб таълими математикасини мукаммаллатиришда фаол иштирок этиб келмоқда. У 1978-1984 йилларда собиқ Иттифоқ Фанлар академияси Математика бўлимининг мактаб дарсликлари ва ўқув дастурлари бўйича комиссиясининг илмий котиби бўлиб фаолият кўрсатди. У ўрта мактаблар учун Россия Федерацияси, Украина, Белорусь Республикаси ва бошқа кўплаб давлатларда тан олинган “Алгебра ва анализ асослари” дарсликларининг муаллифларидан биридир.

Бундан ташқари, олий ўқув юртлари талабалари учун дарслик ва ўқув қўлланмалар тайёрлаш ва нашр қилишда ҳам фаол иштирок этиб келмоқда. Хусусан, 2012 йилда Шавкат Алимов шогирди, профессор Р.Ашуров билан ҳаммуаллифликда икки қисмлик “Математик анализ” ўқув қўлланмасини тайёрлади. Ушбу ўқув қўлланмани қашта ишлаб, унинг иккинчи нашри 2018 йили уч томлик дарслик сифатида чоп этилди.

Илмий тадқиқотлар олиб бориш ва маърузалар ўқиш учун академик Шавкат Алимов АҚШ, Япония, Германия, Венгрия, Польша, Куба, Малайзия ва бошқа мамлакатлар университетларида бўлган. Делегация раҳбари ва аъзоси сифатида Вашингтон (АҚШ), Лондон (Буюк Британия), Париж (Франция), Рим (Италия), Брюссел (Бельгия), Вена (Австрия), Прага (Чехия), Братислава (Словакия), София (Болгария), Скопе (Македония), Токио (Япония), Қоҳира (Миср), Деҳли (Ҳиндистон), Жакарта (Индонезия) каби кўплаб шаҳарларга борган.

Олимнинг 150 дан ортиқ илмий мақолалари ва кўпгина ўқув-услубий ишлари чоп этилган. Унинг шогирлари орасида 10 нафар фан доктори ва 20 нафардан ортиқ фан номзодлари бўлиб, улар нафақат юртимиз, балки Россия Федерацияси, Туркия, Финландия, Малайзия, АҚШ каби давлатлардаги университет ва илмий марказларда фаолият олиб бормоқда.

Шавкат Алимовнинг математика соҳасидаги илмий изланишлари, кашфиётлари ва хизматлари халқаро миқёсда тан олинган. У 1984 йили Ўзбекистон Фанлар академияси мухбир аъзоси, 1991 йили Халқаро олий таълим фанлар академияси академиги, 2000 йилдан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академигидир.

Албатта, ҳар қандай соҳанинг ривожланиши шу соҳада меҳнат қилаётган фидоий, жонкуяр инсонларнинг самарали меҳнатига боғлиқ. Ш.Алимов Беруний номидаги Ўзбекистон Давлат мукофотига сазовор бўлди. Фан ва таълимдаги ютуқлари учун “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланди.

Айтиш жоизки, аждодлар ва авлодлар ўртасида ўзига хос кўприк вазифасини ўтаган ва ўтаётган қанчадан-қанча ибратли инсонлар бизни доимо тараққиётга ҳисса қўшишга ундайди. Улар қаторида устозимиз, академик Шавкат Алимовнинг борлигидан фахрланамиз. Бугун табаррук 80 ёшни қарши олаётган устознинг фаолияти шогирдлар учун ибрат, ҳар бир насиҳати эса ҳикматдан иборат.

Олий инсоний ҳислатга эга, руҳан бой, ўзининг адолатпарвар принципларига содиқ, ажойиб олимнинг кўп қиррали бутун умри илм-фан ривожига ва Ватанга хизмат қилишнинг ёрқин мезонидир.

Шавкат АЮПОВ,

Ўзбекистон Фанлар академияси

президенти, академик,

Иномжон МАДЖИДОВ,

Ўзбекистон Миллий университети

ректори, профессор.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги