Ҳафта маданий тадбирларга бой бўлиши кутилмоқда

Жорий йилнинг 17-19 апрель кунлари Қорақалпоғистон фаол туристик марказга айлантирилиб, халқаро Орол туризми ҳафталиги доирасида республикада муҳим тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.
Дастлаб 17 апрель куни иштирокчилар учун Нукус шаҳридаги И.В.Савицкий номидаги музейга ва бошқа тарихий ўринларга саёҳат ташкил этиш белгиланган.
Ҳафталикнинг 2-кунида «Оролбўйи эзгу ният элчилари» халқаро илмий-амалий конференцияси ва «Open-air» концерт дастури ўтказилиши режалаштирилган.
19 апрель куни «10000 қадам» жамоатчилик лойиҳаси, «Ниҳол экиш» акцияси, спортнинг «Бадминтон» тури бўйича мусобақа ва «Орол балиқларидан 99 хил таом» гастрономик фестивалини ўтказиш кўзда тутилган.
Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Туризм қўмитаси томонидан ташкил этилаётган ушбу тадбирлар, шубҳасиз, минтақанинг туризм салоҳиятини тарғиб қилиш, экологик ва маданий меросни асраш, шу билан бирга, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги