Қонунчиликка ердан фойдаланганлик учун қарздорлик бартараф этилмаса, ерга бўлган ҳуқуқ бекор қилинишига оид меъёр киритилади

243

Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси мажлисида “Иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклаш тўғрисида”ги қонун дастлабки тарзда муҳокама қилинди.

Унда иссиқхона газлари чиқарилишини камайтириш натижасида ҳосил бўладиган углерод бирликлари муомаласини амалга оширишнинг тартибини белгилаш ҳамда иссиқхона газлари чиқарилиши устидан тизимли назоратни таъминлашга эътибор қаратилган.

Иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклашнинг асосий принциплари, унинг мониторинги, ҳисоботи ва верификация тизими асослари, тартиби, қисқартирилган иссиқхона газларига эгалик қилиш ҳуқуқлари белгиланган.

Қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизда иқлим ўзгариши бўйича олиб борилаётган ислоҳотларни жадаллаштириш, атроф-муҳит ва экологияни яхшилаш ҳамда иқтисодиётни барқарор ривожлантириш учун зарур шароит яратишга хизмат қилади.

Мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун ҳам муҳокама қилинди.

Қонун билан Ер кодексига суғориладиган ерларни бошқа тоифага ўтказиш бўйича талабларни кучайтиришни назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда. Жумладан, тоифаси ўзгартирилган ерлардан келгусида фойдаланиш бўйича аниқ шартлар белгиланмоқда. Ер участкасини олганлик ва ердан фойдаланганлик учун ҳақ бўйича қарздорлик 6 ой ичида бартараф этилмаса, ерга бўлган ҳуқуқни бекор қилиш назарда тутилмоқда.

Ер участкаларини олган юридик ва жисмоний шахслар электрон онлайн-аукцион натижаларига кўра ёки баҳоловчи ташкилот томонидан белгиланадиган миқдорда ҳақ тўлаши шартлиги белгиланмоқда.

Бундан ташқари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ер ости сувларига қудуқни қонунга хилоф равишда бурғилаганлик учун жавобгарликни белгиловчи, ер ости сувларидан назоратсиз ва ҳисобсиз фойдаланганлик учун жавобгарликни кучайтирувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Бундан ташқари, мажлис доирасида халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг Аграр, сув хўжалиги ва экология масалалари бўйича доимий комиссиялари аъзолари учун ўқув-семинари ўтказилди.

Семинарда доимий комиссияларнинг иш фаолиятини самарали ташкил этиш, уларнинг асосий йўналишлари бўйича аниқ режаларни белгилаш, ваколатлари доирасида муҳим масалаларни муҳокама қилиш ва аниқ натижаларга эришиш бўйича тажриба алмашилди.

Қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, экинларни суғоришда сув тежовчи технологияларни жорий этиш ҳамда соҳада янги иш ўринларини яратиш, атроф муҳитни асраб-авайлаш, юзага келаётган муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш каби вазифалар белгилаб олинди.

Сенаторлар, вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этган семинарда маҳаллий кенгашларнинг доимий комиссиялари аъзолари ўз фикр ва таклифларини билдирди.

Н.Абдураимова, ЎзА