Дўстлик маданий алоқалар билан мустаҳкамланмоқда

379

Жорий йилнинг 15 апрель куни Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида таниқли француз дирижёри, «Санъат ва адабиёт кавалери» ордени эгаси Натали Марен ҳамда Ўзбекистон давлат консерваторияси Нукус филиалининг «Симфоник оркестри» ҳамкорлигида концерт дастури ташкил этилди.

Концерт дастурини Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қўмита раиси М.Атамуратов кириш сўзи билан очиб берди.

Унда Натали Марен ва «Симфоник оркестр» билан биргаликда жонли тарзда ижро этилган миллий ва жаҳон мумтоз асарларининг уйғунлиги, оркестрнинг қудратли куйлари томошабинлар қалбида ўзгача таассурот қолдирди.

Жонли тарзда ўтган концерт дастури барчани тўлқинлантириб, иштирокчиларни ҳақиқий симфония оламига олиб кирди, десак муболаға бўлмайди.

Натали Марен аввал ушбу театрда «Маданият ва санъат ходимлари куни» муносабати билан ўтказилган тантанали байрам кечасида ҳам иштирок этган эди.

Маълумот учун, жорий йил 11−30 апрель кунлари бир қатор шаҳарларда 9 концерт кечаси, француз мусиқаси фестивали ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, иштирокчилари машҳур дирижёр Натали Марен, пианиночи Франсуа Шаплен, Версал саройининг расмий органчиси Жан-Батист Робин, шунингдек, Ўзбекистон Давлат симфоник оркестри бўлади.

Концерт дастурини тайёрлашда Давлат консерваторияси талабалари ва ўқитувчилари, А.Навоий номидаги давлат академик катта театри солистлари, вокал ва чолғу ижрочиларининг халқаро танловлари лауреатлари иштирок этди.

Ушбу тадбирлар Франция элчихонаси ва Давлат консерваторияси ўртасида 2022 йилда шартнома имзоланиши билан бошланган ҳамкорликнинг мантиқий давомидир. Ҳар йили ушбу ҳамкорликдаги ишлар натижасида мамлакатимиз бўйлаб француз мусиқачилари иштирокида 8−13 концерт дастурлари ўтказилмоқда.





Француз мусиқаси фестивали нафақат мамлакат маданий ҳаётида, балки жорий йил баҳорида стратегик шериклик даражасига кўтарилган Ўзбекистон ва Франция муносабатларининг ривожланиш динамикасига ҳам тўлиқ мос келади.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги