БМТда Самарқандда ўтказиладиган форумга тайёргарлик ишлари муҳокама қилинди

195

Ўзбекистон делегацияси таркибида Рақамли технологиялар вазирлиги раҳбарияти Америка Қўшма Штатларига хизмат сафарини амалга оширмоқда.

Сафар доирасида Нью-Йорк шаҳридаги БМТ Бош қароргоҳида йиғилиш ташкил этилди. Унда 2025 йилнинг 23-25 июнь кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказилиши режалаштирилаётган БМТ Давлат хизматлари форуми (“UN Public Service Forum –2025” )га тайёргарлик ишлари ва Ўзбекистонда IT соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар юзасидан тақдимот бўлиб ўтди.

Йиғилишда мазкур форум БМТ тузилмалари, халқаро ташкилотлар ва турли мамлакатлар вазирлари иштирок этадиган юқори даражадаги пленар сессиялар, амалий семинарлар ҳамда Ўзбекистон тажрибасини намоён этувчи миллий кейслар тақдимоти билан бойитилган йирик халқаро ва нуфузли тадбирга айланиши қайд этилди.

Шунингдек, тадбирда бошқа давлатларнинг юқори мартабали вакилларининг форумда иштирок этиши, хусусан, Нью-Йоркдаги БМТнинг доимий вакилликлари билан йўлга қўйилган ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Форумнинг нафақат давлат ташкилотлари, балки илмий-академик доиралар, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, IT-компаниялар ҳамда фуқаролик жамияти вакилларини ҳам қамраб олиши муҳим экани алоҳида таъкидланди.

Тадбир якунида БМТ Бош котибининг ёрдамчиси Навид Ханиф томонидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган изчил рақамли ислоҳотлар, электрон ҳукуматни жорий этиш ва давлат хизматлари сифатини ошириш борасидаги чора-тадбирлар юқори баҳоланди. Шунингдек, Ўзбекистон Марказий Осиёдаги илғор ислоҳотлар намунаси сифатида қайд этилди. Форумнинг Самарқандда ўтказилиши мамлакатимизнинг халқаро майдонда тобора ортиб бораётган нуфузининг яна бир мисоли сифатида эътироф этилди.

Н.Раҳмонова, ЎзА