Ўзбекистон делегацияси Ар-Риёд форумида қатнашди

Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова бошчилигидаги делегация Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд шаҳрида бўлиб ўтган “Human Capability Initiative 2025” халқаро форумида иштирок этди.
Валиаҳд шаҳзода, Бош вазир Муҳаммад бин Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд ташаббуси билан ташкил этилган анжуман инсон омили, таълим, иқтисодиёт, технологияни ривожлантириш каби муҳим масалалар муҳокамаси учун қулай майдондир. Йирик давлатлар, нуфузли халқаро ташкилотлар, бизнес ва илмий доиралар вакиллари орасида Ўзбекистон Марказий Осиёдан ягона мамлакат сифатида намоён бўлгани республикамизда юз бераётган ислоҳотларга халқаро даражада берилаётган юқори баҳодан далолат.

Форум доирасида делегациямиз Ислом тараққиёт банки раҳбари Муҳаммад Ал-Жассар билан учрашиб, 40 миллион долларлик грант келишувига эришди. Шунингдек, “Global Partnership for Education” (GPE) халқаро ташкилоти билан ҳам тегишли ҳужжат имзоланди.
Хорижий маблағ бутун республика бўйлаб 58 замонавий мактаб қуриш, ўқув муассасаларини замонавий асбоб-ускуна билан жиҳозлаш, педагоглар малакасини ошириш, инклюзив ва мактабгача таълимни ривожлантириш ҳамда ўқув дастурларини такомиллаштиришдан иборат кенг кўламли лойиҳаларга йўналтирилади.
Азиза Алимова, ЎзА