Миришкор деҳқонга қўшимча ер ажратилди

Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимиз бўйлаб амалга оширилаётган маҳалла томорқаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш орқали аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга қаратилган ишларни янада жадаллаштириш мақсадида жойларда қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Қонликўл туманидаги Арзимбетқум овул фуқаролар йиғини фуқароси С.Ўтепбергеновнинг оиласи қулупнай етиштириш билан шуғулланиб келмоқда.
Туман ҳокими Б.Султонов ушбу хонадонда бўлиб, қулупнай ўсимлигини етиштириш ва уни янада кенгайтириш ишлари билан танишди.
Таъкидланганидек, Президентимизнинг 2024 йил 30 декабрдаги «Қишлоқ хўжалиги майдонларидаги қўшимча имкониятлардан фойдаланган ҳолда маҳсулот етиштиришни кўпайтиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида дала четларига, каналлар, коллектор-дренаж тармоқлари атрофидаги майдонларга экспортбоп экинларни экиш муҳим вазифа этиб белгиланди.
Шунингдек, аҳолига тегишли томорқаларда, хонадонлар ва кўп қаватли уйлар олдида, маҳаллаларнинг ички кўчаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни самарали ташкил этиш ва кўпайтириш орқали мамлакат экспорт кўрсаткичларини ошириш мақсадида вазифалар ҳам белгиланди.
Уй ёнидаги участкада 3 гектар ер майдонига етарли қулупнай кўчати етиштирилган.
Туман ҳокимлигининг қўллаб-қувватлаши билан С.Ўтепбергеновга тажриба синов усулида ҳудуддаги «Дарёбой қақсобин» фермер хўжалигидан яна қўшимча 3 гектар ер ажратилди.





Айни пайтда бу ер майдони кўчат экишга тайёрланмоқда.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги