Маданият ва санъат инсонларни эзгулик ва хайрли ишларга етаклайди

300

Бугун Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида «Маданият ва санъат ходимлари куни» муносабати билан тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди.

Байрам тадбирида «Турксой» халқаро туркий маданият ташкилоти бош котиби Султанбай Раев, дунёга машҳур француз дирижёри Натали Марэн ва бошқа меҳмонлар иштирок этди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, йиғилганларни байрам муносабати билан табриклади.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда ҳурматли Президентимиз раҳбарлигида маданият ва санъат соҳасини ривожлантиришга, соҳа ходимларига қулай шарт-шароитлар яратишга ва уларнинг хизматларини муносиб баҳолашга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Ўтган қисқа давр мобайнида соҳага оид қатор қонун, фармон ва қарорлар қабул қилингани бу борадаги чора-тадбирлар кўламини янги босқичларга кўтармоқда.

Дарҳақиқат, азалдан бадиий санъат ва маданият инсонларни доимо эзгуликка, хайрли ишларга етаклаб келган. Зеро, жамият тараққиётида, кўп миллатли халқимизнинг маънавий оламини бойитишда, айниқса, юртимизни дунёга танитишда маданият ва санъатнинг тутган ўрни алоҳида ҳисобланади.

Ўтказилган тантанали тадбир давомида бугунги байрам муносабати билан юртимиз маданиятини дунёга танитишга қўшган ҳиссаси учун «Турксой» халқаро туркий маданият ташкилоти ходимлари, юртимизнинг бир қатор соҳа фидойиларига Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан мукофотлар топширилди.

Шунингдек, Туркий халқлар маданияти ва санъатини ривожалантиришдаги хизматлари учун Қорақалпоғистон Республикаси маданият вазири Бегисбай Темирбаев ва «Айқулаш» Қорақалпоқ давлат миллий фольклор ансамбли қўшиқчиси Гүлхатийша Айимбетова «Турксой» халқаро туркий маданият ташкилоти медали, Қорақалпоқ давлат Ёш томошабинлар театрининг режиссёри Султанбек Қаллибеков, театр актёрлари Расул Тилемисов ва Гүлчеҳра Жафаровалар Миннетдарчилик хати ва эсдалик совғалари билан мукофотланди.









Байрам кўтаринки руҳда давом этди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги