Сенатда Латвиянинг “Марта” маркази вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди

163

Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Орзигул Козихонова Латвиянинг “Марта” маркази раҳбари Илута Лаце билан учрашув ўтказди.

Учрашув чоғида гендер зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга қаратилган самарали механизмларни яратиш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, мазкур йўналишда фаолият юритаётган ННТ ва манфаатдор ташкилотлар учун халқаро стандартларга асосланган иш методологиясини ишлаб чиқиш, ушбу методологияни амалда жорий этиш ҳамда мутахассислар тайёрлаш муҳимлиги таъкидланди.

Бундан ташқари, аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш, бу соҳада ҳамкорликнинг устувор йўналишлари ҳамда келгусида амалга оширилиши мумкин бўлган қўшма лойиҳалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Илута Лаце Ўзбекистондаги демократик ислоҳотлар жараёнини юксак баҳолаб, парламентнинг жамиятни ислоҳ қилишдаги роли ортиб бораётганини алоҳида қайд этди. Шу билан бирга, у инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглик соҳасидаги умумий мақсадларга эришишда “Марта” маркази Ўзбекистоннинг тегишли ташкилотлари билан ҳамкорликни янада кенгайтириши муҳимлигини таъкидлади.