Болаларга мевали совға

«Юксалиш» ҳаракати ташаббуси билан 2019 йилдан буён мамлакатимиз бўйлаб «Бир миллион дарахт» умуммиллий акцияси ўтказиб келинмоқда. Акциянинг мақсади – ўрмонларни кесиш ва иқлим ўзгариши таъсирига қарши курашиш, одамларни бирлаштириш орқали дарахтларни кўпайтириш ва ўстириш масалаларига эътиборни жалб қилишдан иборат. Ушбу лойиҳа йилига икки марта кузги ва баҳорги мавсумларда ўтказиб борилмоқда.
«Юксалиш» ҳаракати томонидан «Huawei» компанияси кўмагида шу йил 14 апрель куни Мўйноқ туманидаги Бўзатов ОФЙнинг «Шағирли» овулида жойлашган 13-сонли мактабгача таълим муассасаси ва «Оқ кема» болалар ёзги дам олиш маркази атрофида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси, «Бир миллион дарахт» акцияси доирасида олма, ўрик, шафтоли, нок, олхўри каби мевали дарахтларни экиш ишлари олиб борилди.
Тадбирда туман ҳокими Б.Менглибеков, «Юксалиш» ҳаракати Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими бошлиғи Т.Романов ва бошқалар сўзга чиқиб, ушбу тадбирнинг аҳамиятига кенг тўхталиб ўтди.
Бу йил акция доирасида ижтимоий объектларга ҳам эътибор қаратилмоқда. Шу ўринда «Huawei» компанияси бир неча йилдан буён яшил ҳудудларни кенгайтиришда «Юксалиш» билан ҳамкорлик қилиб келаётганини таъкидлаш лозим.
– Мевали кўчатлар экиш учун мактабгача таълим муассасаси ва болалар дам олиш маркази ҳудудини танлаганимиз бежиз эмас. Чунки бу нарса нафақат экологик, балки тарбиявий аҳамиятга ҳам эга. Болалар бир дарахтни экиб, мева бергунича инсондан куч ва меҳнат талаб қилинишига гувоҳ бўлади ва бу уларда табиатга эҳтиёткор бўлиш кўникмаларини шакллантиради, деган умиддамиз. «Юксалиш» ҳаракати ҳар йили шундай ташаббусларни амалга ошириб, яшил ҳудудларни кенгайтиришга ҳисса қўшишда давом этади,-дейди «Юксалиш» ҳаракати раиси ўринбосари Ж.Тўрахонов.
«Юксалиш» ҳаракатининг «Huawei» компанияси билан ҳамкорлиги натижасида сўнгги йилларда Тошкентдаги Адиблар хиёбони, Республика болалар ижтимоий мослашув маркази, пойтахтдаги 20 дан ортиқ мактабда, Дўстлик боғи, Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани, Болалар миллий тиббиёт маркази, Тошкент Халқаро таълим университетида дарахтлар экилди.






– Технологик компания сифатида биз энергетик жиҳатдан самарали инновацияларни қўллаш – барқарор келажак яратишнинг асосий тамойили, деб ҳисоблаймиз. Биз барқарор равишда углеродсиз иқтисодиётга ўтишнинг оптимал йўлларини ўрганиб, тадқиқотлар ва тараққиётга инвестиция киритамиз. Яшил технологияларни жорий этишдан ташқари, иқлим ўзгаришлари оқибатларига қарши курашишда ҳамкорлар ва жамоатчилик билан ҳамкорлик қилишнинг аҳамиятини яхши тушунамиз.
Шу боис, «Яшил Ўзбекистон» ташаббусимизни давом эттириб, 2020 йилдан бошлаб экологик вазиятни яхшилашга ўз ҳиссамизни қўшишга ҳаракат қиляпмиз, – дейди «Huawei» компаниясининг жамоатчилик билан алоқалар бўйича менежери А.Набиева.
«Юксалиш» ҳаракати томонидан амалга оширилаётган «Бир миллион дарахт» акцияси ҳудудларни кўкаламзорлаштиришга ҳисса қўшибгина қолмай, жамиятда экологик онг ва табиатга эҳтиёткорона муносабат каби қадриятларни шакллантиради. Турли авлод вакиллари, айниқса, ўсиб келаётган ёшларни жалб қилиш орқали ушбу ташаббус барқарор келажак учун мустаҳкам пойдевор бўлади.
Кўчат экиш ишларида «Юксалиш» ҳаракати, «Huawei» компанияси, нодавлат нотижорат ташкилотлари, волонтёрлар, Мўйноқ тумани ҳокимлиги, фаол фуқаролар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари фаол иштирок этди.
Экилган кўчатларнинг кейинги ўсиб ривожланишига қараш ишларини Мўйноқ тумани, Бўзатов ОФЙ Шағирли овулида жойлашган 13-сонли мактабгача таълим муассасаси маъмурияти ўз жавобгарлигига олди.
«Юксалиш» томонидан амалга оширилаётган ушбу акция ҳар қандай авлод вакиллари, айниқса, ўсиб келаётган ёшларни жалб қилиш орқали барқарор келажак учун мустаҳкам пойдевор яратади.
Маълумот учун, «Юксалиш» ҳаракати томонидан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш ғояларини тарғиб қилиш мақсадида 2019 йилдан буён мамлакатнинг турли ҳудудларида 4 миллиондан ортиқ мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ҳамда буталар экишга эришилган.
А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги