Ўзбекистон Сенати ва Европа парламенти ўртасидаги парламентлараро мулоқот янада чуқурлаштирилади

170

Олий Мажлис Сенатига Европарламентнинг Марказий Осиё давлатлари билан алоқалар бўйича делегацияси раиси Томаш Здеховский бошчилигидаги Европа парламенти делегацияси ташриф буюрди.

Сенат Раиси Танзила Норбоева билан учрашувда икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.

Сиёсий мулоқотнинг юксак даражаси ва парламентлараро алоқаларнинг кенгайиб бориши динамикаси қайд этилди.

Ўтган ҳафта Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси якунларига алоҳида эътибор қаратилди. Унда Европанинг 18 мамлакатидан делегациялар иштирок этгани қайд этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг халқаро миқёсда кенг акс-садо берган нутқи юксак баҳоланди.

Шунингдек, 4-5 апрель кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи“ биринчи саммити якунлари ҳам кўриб чиқилди.

Эришилган келишувлар, шу жумладан, Тошкент шаҳрида Европа инвестиция банкининг минтақавий ваколатхонасини очиш муҳимлиги қайд этилди.

Учрашув якунлари бўйича томонлар Олий Мажлис Сенати ва Европа парламенти ўртасидаги парламентлараро мулоқотни янада чуқурлаштиришдан манфаатдор эканликларини тасдиқлади.

***

Сенатда “Ўзбекистон – Европа Иттифоқи” парламент ҳамкорлиги қўмитасининг 18-мажлиси ҳам ўтказилди. Унда ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашга қаратилган устувор йўналишлар муҳокама қилинди.

Марказий Осиё давлатлари ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашгани қайд этилди. 2025 йил 4-5 апрель кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказилган “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммити бунинг ёрқин ифодаси бўлди. Саммит натижалари икки минтақа ўртасидаги муносабатларни янги, стратегик даражага олиб чиққани билан алоҳида аҳамият касб этди.

Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ўзаро инвестиция муҳитини яхшилаш ҳамда таълим соҳасидаги алоқаларни чуқурлаштириш масалаларига эътибор қаратилди. Жумладан, “Erasmus+” дастури орқали ўзбекистонлик ёшларнинг Европа давлатларида таҳсил олиш имкониятларини кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди.

Европа Иттифоқи мамлакатларининг кибержиноятчиликка қарши курашишдаги тажрибасини ўрганиш, ахборот хавфсизлигини таъминлашда ҳамкорлик қилиш масалалари кўриб чиқилди.

Мажлисда экологик барқарорликни таъминлаш, хусусан, Оролбўйи минтақасида экологик инқироз оқибатларини юмшатиш бўйича ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Сув ресурсларини самарали бошқариш, минтақавий экологик лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан қўшма ташаббуслар билдирилди.

Европа Иттифоқи вакиллари Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қонун устуворлиги, фуқаролик жамиятини ривожлантириш, гендер тенгликни таъминлаш ва аёлларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги иштирокини кенгайтиришга қаратилган ислоҳотларни юқори баҳолади.

Мажлис якунида “Ўзбекистон – Европа Иттифоқи” парламент ҳамкорлиги қўмитасининг навбатдаги мажлисини 2026 йилнинг биринчи ярмида ўтказишга келишиб олинди.

Н.Абдураимова, ЎзА