Илм-фан ва инновациялар йўналишидаги самарали ҳамкорлик

206

Сўнгги йиллари республикамизда барча соҳалар сингари, олий таълим соҳасида ҳам мамлакатимиздаги ва шет давлатлардаги олий таълим юртлари билан ҳамкорликда қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Шу жумладан, республикамиздаги энг йирик олий таълим юрти ҳисобланган Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети томонидан ҳам ушбу йуналишда қатор ишлар олиб борилмоқда.

14-апрель куни Наманган давлат техника университети делегацияси, химия фанлари доктори, профессор Ойбек Каримович Эргашев раҳбарлигидаги профессор-ўқитувчилар ва иқтидорли талабалар Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида бўлди.

Наманганлик меҳмонлар университет ректорати томонидан кутиб олинди.

Учрашув давомида икки олий таълим муассасаси ўртасида илмий-тадқиқотлар, инновацион лойиҳалар, профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг академик мобиллигини йўлга қўйиш каби йуналишларда ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.



Қорақалпоқ давлат университети раҳбарияти Наманганлик делегациянинг ташрифи ва олиб келинган эзгу ташаббуслардан мамнун эканликларини таъкидладилар. Бу каби учрашувлар икки ҳудуд ўртасидаги илмий ва маданий алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Ташриф давомида икки олий ўқув юрти ўртасидаги илмий-амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашиш ва янги ташаббусларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ҳудудида «Илм-маърифат боғи» ташкил этилди.

Тадбирни Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ректори, академик А.Реймов очиб бериб, «Илм-маърифат боғи» икки университет ўртасида нафақат илмий, балки дўстлик ва маънавий ҳамкорлик тимсолига айланишига ишонч билдирди. У ташриф буюрган меҳмонларга самимий миннатдорлик билдириб, бундай ташаббуслар икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлади. Тадбир доирасида боғ ҳудудига манзарали дарахтлар, гуллар экилди.

Ушбу кўчатлар Наманган давлат техника университетининг инновацион иссиқхонаси ва илмий лабораторияларида етиштирилгани билан муҳим аҳамиятга эга. Талабалар ва ўқитувчилар иштирокида амалга оширилган ушбу экиш жараёни икки университет жамоалари ўртасидаги амалий ҳамкорликнинг намунаси бўлди.

«Илм-маърифат боғи» нафақат табиатга эътибор, балки, ёш авлод қалбида билим, илм ва дўстлик қадриятларини мустаҳкамлаш, ёшларни она юртга меҳр, экологик маданиятга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилади. Ушбу ташриф икки олий таълим муассасаси ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари янги босқичга кўтарилганидан далолат беради. Келгусида қўшма илмий лойиҳалар, стартаплар ва талабалар алмашинуви дастурлари орқали ҳамкорлик янада ривожланади.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси