3400 туп кўчат топширилди

206

Мамлакатимиз бўйлаб амалга оширилаётган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасининг кўкаламзорлаштириш ташаббуси табиий ресурсларни асраб-авайлаш ва экологик хилма-хилликни таъминлашга қаратилган бўлиб, бу борада Амударё туманида самарали ишлар олиб борилмоқда.

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш учун «яшил белбоғлар»нинг яратилиши Оролбўйи минтақасига экологик барқарорликнинг қўшимча захираси ва шаҳар агломерацияларининг атроф-муҳитга таъсирини камайтириш имконини беради.Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, БМТ Тараққиёт дастури ва Глобал экологик фонднинг «Орол денгизи ҳавзаси ландшафтининг барқарор ва деградацияга бефарқ, барқарор турмуш тарзини қўллаб-қувватловчи асоси сифатида кўллар, сув-ботқоқ ерлар ва қирғоқбўйи йўлларини сақлаш ва бошқариш» (Арал Сеа Wetlands) қўшма лойиҳаси ҳам «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасининг кўкаламзорлаштириш ташаббусини амалга оширмоқда.

Ушбу лойиҳалар доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳолатини ўрганиш мақсадида республика масъулларидан иборат ишчи гуруҳ Амударё туманида бўлди ва туманда жойлашган «Қипчоқ» ўрмон хўжалиги ҳамда «Қуйи Амударё» давлат биосфера резерватига 3 минг 400 туп маданий ва мевали дарахт кўчати топширилди. Бу Оролбўйи минтақасида боғ ва дарахтзорлар майдонини кенгайтириш имконини яратади.

Мевали дарахтлар маҳаллий аҳоли вакилларига қўшимча даромад манбаи яратиш ҳамда ҳудуд фаунаси вакиллари, жумладан, кўчиб юрувчи ҳайвонлар ва қушлар учун озуқа базасини кенгайтириш имкониятини яратади. Ер ресурсларини барқарор бошқариш усуллари, хусусан, ўрмонларни кўпайтириш, тупроқ қатлами бузилишининг салбий оқибатларини бартараф этиш ва шу орқали ЛДН (ер деградациясини нейтраллаштириш) га эришишга ёрдам беради.

Ушбу тадбир Орол денгизи сув ҳавзалари лойиҳасининг чўлланишга қарши курашиш, ландшафтларни қайта тиклаш ва табиий ресурсларни барқарор бошқариш муаммоларини  ҳал этишга бўлган комплекс ёндашувини акс эттиради.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги