Судя бўлган даврида жиноят содир этганларнинг тақдири сабоқ бўлди

Нукус шаҳрида Судялар олий кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров Қорақалпоғистон Республикаси судлари судялари билан уларнинг оила аъзолари иштирокида очиқ мулоқот ўтказди.
Тадбир судяларнинг мансаб ваколатидан ғаразли мақсадларда фойдаланишининг аянчли оқибатларини ўзида акс эттирган видеофилм намойиши билан бошланди.
Тизимнинг тегишли жазони ўтаётган собиқ вакилларининг пушаймонликлари судялар ва уларнинг оила аъзолари учун ҳам ўзига хос сабоқ вазифасини ўтайди.
Судянинг шахси, унинг ахлоқи ва турмуш тарзи нафақат ҳуқуқий қарорлар қабул қилиш жараёнида, балки жамиятда адолатга бўлган ишончни шакллантиришда ҳам муҳим ўрин эгаллайди. Тадбирда судялар ва уларнинг оила аъзолари иштирокида мансаб ваколатидан фойдаланишнинг оғир оқибатларини акс эттирувчи видеофилм намойиш этилиши бунга яққол мисолдир.
Ушбу тадбирнинг эътиборга молик жиҳати – жазони ўтаётган собиқ судяларнинг қилмишидан чин дилдан пушаймон бўлиб айтган афсус-надомат сўзлари бугунги судяларга ўзига хос сабоқ беришга уриниш бўлди.
Учрашувда мамлакатимизда босқичма-босқич давом этаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёнида суд ҳокимиятининг нуфузини ошириш ва судяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаб, уларни ижтимоий ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳам қайд этилди. Судяларнинг мажбуриятлари ва Судялар одоб-ахлоқ кодексига риоя этилишида малака ҳайъатлари фаолияти самарадорлигини янада ошириб, қўшимча чоралар кўриш зарурлиги ҳақида сўз юритилди.





Сўнгги йилларда суд тизими, судялар эркинлигини таъминлаш ва уларни ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилаётган эътибор судяларга катта масъулият юклаши таъкидланди. Бундай масъулият судядан қатъиятлилик, қасамёдга содиқлик ва ҳалолликни талаб этади.
Шунингдек, очиқ мулоқот жараёнида интизомсизликка йўл қўймаслик, одамларни сарсон қилмаслик, ишларни кўришда процессуал муддатларга амал қилиб, ўз вақтида қонуний кўриб чиқиши ва судялар ахлоқ кодекси талабларига қатъий амал қилиши таъкидланди. Ҳар бир ишнинг замирида инсон тақдири, ҳуқуқи ётганлиги доимо эътиборда бўлиши шартлиги, суд ҳокимиятининг мустақиллиги, судяларнинг дахлсизлигини таъминлаш, уларнинг одил судловга оид фаолиятига турли аралашувларнинг олдини олиш, тизимда коррупцияга нисбатан муросасизлик муҳитини янада ошириш, соҳадаги муаммолар ва уларнинг ечимлари ҳақида фикр алмашилди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги