Мақсад – соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш

183

Юртимиз бўйлаб ҳар йили ўтказилиши анъанага айланган, 15 та шаҳарда бир вақтнинг ўзида старт берилиб бошланадиган оммавий югуриш (марафон) тадбирлари жорий йил май ойида ҳам уюшқоқлик билан ўтказилиши режалаштирилмоқда.

Ушбу тадбирнинг аҳамияти юқори бўлиб, Ўзбекистон Енгил атлетика федерацияси томонидан ташкил этилиб, барча тегишли вазирлик ва жамоат ташкилотлари ушбу тадбирга қамраб олинади.

Тадбирни ўтказишдан асосий мақсад – аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи тамойилларини кенг тарғиб қилиш, одамларни бир мақсад атрофида бирлаштириш, йилдан-йилга оммалашиб бораётган саломатлик тадбирларининг савиясини оширишдир.

Белгиланган масофани қамраб олган марафонда вазирлик ва идоралар раҳбарлари, нуронийлар, талаба-ёшлар, имконияти чекланган спорт ихлосмандлари, уюшмаган ёшлар ва бошқа қатор кишилар иштирок этади.

Мусобақа якунига кўра ғолиблар муносиб тақдирланади.

Ўзбекистон Енгил атлетика федерациясида Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 26 декабрдаги йиғилиш баённомаси, жорий йил 3 апрелдаги махсус топшириғи, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик Кенгаши томонидан тасдиқланган «Оммавий югуриш мусобақаларига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказишга доир чора-тадбирлар бўйича «йўл харитаси» ижросини таъминлаш, яъни жорий йилги тадбирни ўтказиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда тегишли вазирлик, идора раҳбарларининг спорт масалалари бўйича ўринбосарлари (федерация студиясидан), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг спорт масалалари бўйича ўринбосарлари, вазирлик, идораларнинг жойлардаги тузилмалари раҳбарлари Божхона қўмитасининг ҳудудий бошқармалари студияларидан иштирок этди.

Йиғилишда Божхона қўмитаси раиси, Ўзбекистон Енгил атлетика федерацияси раиси А.Мовлонов, Марказий Осиё енгил атлетика ассоциацияси раиси А.Абдувалиев, «FRESH-MEDIA» ижодий агентлиги режиссёри А.Айрапетова ва бошқалар сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби томонидан оммавий югуриш мусобақаларига тайёргарлик кўриш ва уларни юқори савияда ўтказишга доир чора-тадбирлар бўйича тасдиқланган «йўл харитаси»да белгиланган вазифалар тўғрисида кенг маълумотлар берилиб, мусобақани ташкил этиш, унга имкон қадар кенг аҳоли қатламини қамраб олиш, айниқса, ёшларнинг ушбу тадбирда фаол иштирок этишини, мусобақаларнинг юқори савияда, уюшқоқлик билан хавфсиз ўтишини ташкил этиш, оммавий ахборот воситаларида кенг тарғиб қилинишини таъминлаш, транспорт, тиббий хизмат ва бошқа масалалар бўйича тегишли топшириқлар берилди.

Тадбир концепцияси ва дастури бўйича тушунтиришлар берилиб, фикр-мулоҳазалар билдирилди.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги