Ҳар бир нутқ – келажак учун дастур, ҳар бир декларация – инсониятга мурожаат

Муносабат
Айни пайтда дунё нигоҳи Ўзбекистондаги Парламент дипломатиясининг муваффақиятига, ривожланишига, тараққиёт тенденцияларига қаратилган. Бир ҳафта давомида республикамиз муҳим геосиёсий майдонга айланиб улгурди. Ифтихор билан айтишимиз мумкинки, бугун дунёнинг нигоҳи, халқаро нигоҳ Ўзбекистонга қаратилган.
Парламентлараро иттифоқнинг 150 юбилей ассамблеяси – шунчаки оддий анжуман эмас. Одатда бу ассамблея йилига 2 марта ўтказилиб, парламентаризм ва барқарор ривожланиш тажрибасига эга бўлган давлатларда ташкил этилади. Айнан юбилей санаси Ўзбекистонда ўтказилаётгани ҳам бежизга эмас.
Мамлакатимизнинг Парламентлараро Иттифоққа аъзолиги 2017 йилда, яъни Ўзбекистон ўз тараққиётида янги босқичга ўтган вақтда, изчил ислоҳотларни дадил бошлаган пайтда қайта тикланди. Ўтган қисқа давр ичида, жумладан, миллий парламентаризм ва барқарор ривожланиш соҳасида улкан тажриба тўпланди. Юртимизнинг қатор соҳаларда эришган ютуқлари йирик халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатлар томонидан алоҳида эътироф этилмоқда.
Хусусан, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида парламент институтини ривожлантиришни муҳим вазифа сифатида алоҳида белгиланди. Қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг жамият ва давлат ҳаётидаги ўрнини оширишга қаратилган 20 тадан зиёд қонун қабул қилинди.
Айниқса, 2023 йили умумхалқ референдуми орқали қабул қилинган янги Конституцияда парламент ваколатлари кескин оширилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатлари 5 тадан 12 тага, Сенат ваколатлари эса 14 тадан 18 тага етказилди. Суд, коррупцияга қарши кураш ва рақобат органларини шакллантириш бўйича Президентнинг қатор ваколатлари қонун чиқарувчи ҳокимиятга ўтказилди. Парламентнинг Ҳукуматни шакллантиришдаги иштироки, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар устидан назорат механизмлари янада кучайтирилди.
Натижада, Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамият ўртасида нуфузи ошиб бормоқда. Давлатимизга бўлган ишонч ва дўстона муносабат ривожланмоқда. Бу эса Парламентлараро Иттифоқнинг диққатини юртимизга қаратди. Шу боис, Иттифоқ ўзининг нуфузли тадбирини айнан Тошкентда ўтказмоқда.
Парламентлар ўртасидаги алоқаларни рағбатлантириш ва тинчлик ҳамда ҳамкорликни мустаҳкамлаш ишида биргаликда фаолият кўрсатиш учун уларни бирлаштириш Парламентлараро иттифоқнинг асосий вазифаларидан биридир. Тошкент шаҳри бу анжуманга эшик очиб гина қолмай, тинглайдиган муҳит, масъулиятли дипломатия ва кенг мулоқот фазасини таклиф қиладиган масканга айланди. 181 та парламент, 14 та кузатувчи давлат, 25 та халқаро ташкилот, жами 2 минг нафардан ортиқ делегат барчаси Ассамблея сессияларида глобал келажак ҳақида фикр алмашяпти.
Ассамблеянинг асосий мавзуси “Ижтимоий тараққиёт ва адолат учун парламент ҳаракати” деб номланиб, унинг доирасида бутун дунё парламентлари делегациялари аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, камбағалликни қисқартириш, ҳуқуқ устуворлигини таъминлаш борасида тажриба алмашмоқда. Шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, гендер тенгликка эришиш, илм-фан ва технологияларни ривожлантириш ҳамда ёшларни қўллаб-қувватлаш каби ҳаётий муҳим мавзулар чуқур муҳокама этилмоқда. Бир сўз билан айтганда, жаҳон парламентларининг энг нуфузли ташкилоти бўлмиш Парламентлараро Иттифоқ ассамблеясининг Ўзбекистонда ўтаётгани мамлакатимизнинг халқаро доирада обрўйи ошиб бораётганини барчага намоён этди.
Ҳар бир нутқ – келажак учун дастур, ҳар бир декларация – инсониятга мурожаат. Ассамблея доирасида ўтаётган 70 га яқин турли тадбир ва дебатлар ўзаро тажриба алмашиш ва дунё мамлакатлари манфаатли алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади деб ҳисоблаймиз.
Сағиндиқ ТУРМАНОВ,
ЎзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси
Қорақалоғистон ахборот агентлиги