Конституциямиз-аҳоли манфаатига хизмат қилади

188

Конституция – ҳар бир давлатнинг, унинг халқининг тафаккури, эркинлиги, маънавияти, ижтимоий онги ва маданиятини ҳар томонлама акс эттирувчи асосий Қонундир.

Ўзбекистон Республикаси Мустақилликка эришгач, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари масаласига, уларнинг амалда рўёбга чиқишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Конституция ўзида инсонпарварлик ғоясини мужассам этган, мамлакатимизда изчиллик билан амалга оширилаётган ислоҳотлар – давлат қурилиши соҳасида бўладими, жамият қурилиши, қонунчилик, суд-ҳуқуқ тизимида бўладими, уларнинг барчасини тизимли равишда бир бутун қилиб боғлаб турувчи асосий бўғин – бу инсон манфаатларидир. Мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятининг ажралмас қисми бўлган инсон ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бу эса давлатимизнинг асосий қонунида ўз ўрнини топиб, унда инсон манфаати дунёдаги барча қадриятлардан устун туради. Конституциямизнинг 5-бобида инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг умумеътироф этилган халқаро-ҳуқуқий нормалари акс эттирилиб, уларнинг давлат томонидан ҳимоя қилиниши Конституциявий даражада мустаҳкамлаб қўйилди. Бизнинг улуғвор мақсадимиз Конституциямизнинг барча нормаларига сингдирилган. Унда белгиланган ҳаётий ғоялар ва улар туфайли юзага келган меъёрлар асосида давлатимиз суверенитети ва мустақиллиги мустаҳкамлаб борилмоқда. Конституция – давлат ҳокимиятини ташкил этиш, давлат органлари фаолиятини ташкил этишда қонунда белгиланган асосий қоидаларни акс эттириш билан бирга, жамият ҳаётининг барча соҳаларидаги муносабатларнинг ривожланиши, тинчлик ҳамда осойишталикни таъминлаш, одамлар онги ва тафаккурининг маънавий юксалиш даражасининг асоси ҳисобланади. Конституциямиз бугунги шиддат билан ўзгараётган дунёдаги жараёнларнинг барча синовларидан муваффақиятли ўтиб келмоқда.

Конституциямиз халқ манфаати учун хизмат қилади ва амалда халқ ҳокимиятини таъминлайди. Бу асосий демократик тамойил Конституциямизнинг 7-моддасида мустаҳкамланиб, «Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир,» деб кўрсатилган. Дарҳақиқат, ҳар бир демократик давлатнинг Конституциявий асосини инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ташкил этади.

Шу нуқтаи назардан мамлакатимиз Конституциясининг «Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари ва эркинликлари» бўлими алоҳида ўрин тутади.

Шунингдек, Конституциямизнинг асосий принциплари қисмида инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари энг олий неъмат эканлиги алоҳида белгилаб қўйилган. Ўзбекистон Республикаси таркибида Қорақалпоғистон Республикаси ўз миллий давлатчилигини мустаҳкамлаб, демократик ривожланишнинг янги босқичига кўтарилди. Қорақалпоғистон Республикасининг суверенитети Ўзбекистон Республикаси Конституцияси билан кафолатланади ва ҳимоя қилинади. Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий-ҳудудий тузилиши масалаларини ўзи ҳал қилади, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг тизимини белгилайди, Ўзбекистон Республикаси сиёсатига мос сиёсатни юритади. Шу асосда жамиятимизда ҳуқуқий демократик ва очиқ фуқаролик жамиятини, эркин бозор муносабатларига асосланган иқтисодиётни барпо этиш, халқимиз учун муносиб турмуш шароитини яратишда асосий қонунимиз мустаҳкам пойдевор бўлиб келмоқда. Конституциямиз – биз учун нафақат ҳуқуқий ҳужжат, балки тарихий ҳуқуқий аҳамиятга эга ҳужжатдир.

Шундай экан, жамиятимиз ҳаётининг асоси бўлган Конституцияни чуқур ва ҳар томонлама ўрганишимиз, унинг мазмун-моҳиятига етиб бориб, ҳаётимизнинг доимий амалий қўлланмасига айлантиришимиз ўта зарур.

Н.Тоиров, Фуқаролик ишлари бўйича Беруний туманлараро суди судьяси

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги