Тоза ичимлик суви таъминоти муаммоси ҳал этилмоқда

Амударё туманининг Қонли қишлоғида яқинда амалга оширилган ижтимоий лойиҳа – ҳудуддаги тоза ичимлик суви таъминоти муаммосига амалий ечим бўлди.
Энди қишлоқ аҳолиси замонавий технологиялар асосида қурилган иншоот орқали ерости сувларини тозалаш имкониятига эга бўлди. 500 дан ортиқ хонадонга хизмат кўрсатишга мўлжалланган ушбу иншоотнинг фойдаланишга топширилиши орқали нафақат аҳоли саломатлиги муҳофаза қилинибгина қолмай, балки умумий санитария ҳолати, ҳаёт сифати ва экологик барқарорлик ҳам таъминланмоқда, – дея маълумот беради Амударё тумани ҳокимлиги ахборот хизмати бўлими.
Лойиҳа «Tashwell» қурилиш компанияси томонидан беминнат амалга оширилди.
Иншоотнинг очилиш маросимида қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Б.Пирманов, лойиҳа координаторлари, нуронийлар, «маҳалла еттилиги» ва маҳаллий аҳоли фаол иштирок этди ва хайрли тадбирни амалга оширган компания раҳбариятига самимий миннатдорлик билдириб, ишларида муваффақиятлар тилади.


Шунингдек, лойиҳа доирасида ҳудуддаги мактаб ўқувчиларига бадиий адабиётлар ҳам совға қилинди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги