Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясининг ривожланиш босқичлари

237

9 апрель – Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун

Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси 1993 йил 9 апрель куни қабул қилингани барчамизга маълум. Лекин бу Конституция лойиҳаси ундан 2-3 йил олдин, яъни 1990 йилдан бошлаб ишлаб чиқилгани ҳақида кўпчиликнинг хабари бўлмаса керак.

Маълумки, 1991 йил 31 августда Ўзбекистон Республикаси ўз мустақиллигини эълон қилган, 1992 йил 8 декабрда унинг янги Конституцияси қабул қилинган. Ана шу тарихий воқеалардан кейин Қорақалпоғистонда ҳам янги Конституция лойиҳаси устида ишлаш анча кўтаринкилик билан авж олди. Натижада 1993 йил февраль ойида бўлиб ўтган Конституциявий комиссиянинг навбатдаги мажлисида конституциянинг лойиҳаси кўриб чиқилди ва лойиҳа Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Совети Президиумига тақдим этилди. Президиум Конституция лойиҳаси бўйича 1993 йил 1 мартда қарор қабул қилди ва унга мувофиқ лойиҳа оммавий ахборот воситаларида 1993 йил 7 мартда эълон қилинди.

Конституция лойиҳаси оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган кундан бошлаб уни умумхалқ муҳокамаси бошлаб юборилди. Лойиҳа муҳокамасида фуқаролар, жамоат бирлашмалари ва давлат идоралари фаол иштирок этди. Бунинг натижасида Конституция лойиҳаси бўйича конституциявий комиссияга 450 дан ортиқ, оммавий ахборот воситаларига эса 1000 дан ортиқ фикрлар ва турли таклифлар келиб тушди.

Шундай қилиб, 1993 йил 9 апрелда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Советининг ХII-чақириқ 12-сессиясида Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси қабул қилинди. Конституциямиз жамиятимизда рўй бераётган ўзгаришлар ва замон талабларини инобатга олган ҳолда ривожланиб, такомиллашиб бормоқда.

Хусусан, Конституцияга 1994 йил 26 февралдаги Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Советининг ХII-чақириқ 15-сессиясида, 1995 йил 31 октябрдаги Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг I-чақириқ 4-сессиясида, 1997 йил 15 декабрдаги Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг I-чақириқ 13-сессиясида, 2003 йил 12 ноябрдаги Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг II-чақириқ 12-сессиясида, 2014 йил 27 июндаги Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг IV-чақириқ 15-сессиясида, 2019 йил 29 июндаги Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг V-чақириқ 26-сессиясида, 2019 йил 16 декабрдаги Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг V-чақириқ 29-сессиясида, 2021 йил 12 февралда Қорақалпоғистон Республикаси Олий Кенгашининг VI-чақириқ 15-сессиясида қўшимчалар ва ўзгартиришлар киритилган.

1993 йил 9 апрелда қабул қилинган Конституциямиз 6 та бўлим, 25 та боб, 116 та моддадан иборат бўлган бўлса, ҳозирда у 6 та бўлим, 26 та боб, 121 та моддадан иборат.

Шулардан 1997 йил 15 декабрдаги қонун билан Конституцияга Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг ваколатларини белгилаб берувчи 19-боб (84, 85-моддалар), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ваколатлари тўғрисидаги 88-модда илова қилиб киритилганини, 2003 йил 12 ноябрдаги қонун билан эса умумий юрисдикция судларининг ихтисослашувига оид Қорақалпоғистон Республикаси судларининг ваколатларига, уларнинг раислари ва судьяларини сайлаш, тайинлаш ва лавозимидан озод қилишга оид Конституциянинг 68, 75, 81, 101-105-моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилганини, 2014 йил 17 июндаги қонун билан Жўқорғи Кенгес Раисининг ваколатларига, 2021 йил 12 февралдаги қонун билан суд тизимига оид ўзгартиш ва қўшимчалар киритилганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Хусусан, 2021 йил 12 февралдаги қонун билан киритилган ўзгартиришларга кўра, Конституциямизнинг 101-моддаси қуйидаги таҳрирда баён этилди: «Қорақалпоғистон Республикасининг суд тизими Қорақалпоғистон Республикаси суди, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судлари, жиноят ишлари бўйича туман ва шаҳар судлари, туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судлари ҳамда туманлараро маъмурий судларидан иборат.»

Шунингдек, Конституциямизнинг 102-моддасига ўзгартиш киритилиб, унда Қорақалпоғистон Республикаси суди фуқаролик, жиноят ва иқтисодий суд ишларини юритиш соҳасида олий суд ҳокимияти органи ҳисобланиши белгиланган бўлса, Конституциянинг 103 ва 104-моддаларида ўрин олган Қорақалпоғистон Республикаси Жиноят ишлари бўйича суди ва Қорақалпоғистон Республикаси Иқтисодий судига оид нормалар чиқариб ташланди.

Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси олий даражадаги қонун сифатида давлатимиз қиёфасини, унинг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий тизимини, бошқарувнинг демократик тамойилларини, жамият ривожланишининг стратегик йўналишларини, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатланганлигини ҳамда маънавий қадриятларимиз асосларини мустаҳкамлаб берди.

Фурсатдан фойдаланиб, халқимизни 9 апрель – Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси куни байрами билан табриклайман ва келгуси фаолиятингизда улкан зафарлар тилайман.

С.Қайипназарова,

Қорақалпоғистон Республикаси суди судьяси.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги