Конституция – халқимизни ҳамжиҳатликка, улуғ бунёдкорлик ишларига етакловчи асосий ҳужжат

262

9 апрель – Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида 9 апрель – Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 32 йиллигига бағишланган тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди.

Байрам тадбирида Жўқорғи Кенгес депутатлари, вазирлик, идора ва корхоналар, ўқув юртлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари, талаба-ёшлар, жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тантанали байрам тадбири Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикалари давлат мадҳиялари ижроси билан бошланди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев йиғилганларни Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 32 йиллиги билан Жўқорғи Кенгес ва Вазирлар Кенгаши номидан самимий табриклади.

Таъкидланганидек, Конституция кўп миллатли халқимизнинг ҳамжиҳатлиги ва дўстлигини мустаҳкамловчи, уларни улуғ бунёдкорлик ишларига бошловчи асосий ҳужжатдир.

Қолаверса, иқтисодиётимизнинг йилдан-йилга мустаҳкамланиб бораётгани, аҳолининг ижтимоий турмуш шароити яхшиланиб бораётгани Конституциямизга асос қилиб олинган, чуқур ва пухта ўйланган эзгу мақсадлар самарасидир.

Президентимиз томонидан жорий йилнинг «Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва «яшил» иқтисодиёт йили» деб эълон қилингани Оролбўйи минтақаси учун жуда муҳимдир.

Яқинда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро иқлим форумида Президентимиз кенг жамоатчилик эътиборини яна бир бор Орол фожиасига қаратгани ва қатор ташаббусларни илгари сургани, шунингдек, Нукус шаҳрида ўтказилган биринчи халқаро «Орол маданият саммити»да Орол денгизининг экологик муаммоси бўйича халқимизнинг тақдири ва мамлакатимизнинг келажаги билан боғлиқ ўта муҳим вазифалар белгилаб олингани юртимиз ҳаётидаги тарихий воқеалар қаторига киришини таъкидлашимиз керак.

Президентимизнинг бевосита қўллаб-қувватлаши натижасида сўнгги йилларда Қорақалпоғистонда қатор халқаро тадбирлар ўтказилаётгани халқимизнинг бой маданиятини, туризм салоҳиятини жаҳон ҳамжамиятига танитишда, хорижий инвесторларни минтақамизга жалб этиб, ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш қувватларини кенгайтиришда муҳим бўлган кўплаб завод ва корхоналарни ишга туширишда, маҳсулотларни чет элларга экспорт қилишда ва янги иш ўринларини яратишда муҳим ўрин эгалламоқда.

Шунингдек, сўнгги йилларда қабул қилинаётган тарихий фармон ва қарорларга мувофиқ Қорақалпоғистонда тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлаш ва халқимизнинг фаровон турмушини таъминлаш бўйича илгари бўлмаган кўплаб янги имкониятларнинг яратилаётгани, «Лойиҳаларни амалга ошириш маркази,» Ташқи грантлар билан ишлаш бўлими ва тадбиркорликка кўмаклашиш дирекциясининг очилгани, шунингдек, саноатни ривожлантириш мақсадида қўшимча имтиёзли кредитларни ажратиш назарда тутилгани, қолаверса, 2026 йилнинг якунига қадар узунлиги 196 километрлик «Мискин – Нукус» темир йўл линиясини тўлиқ электрлаштириш йўналишидаги ишларнинг бошлангани, Нукус шаҳрида қиймати 78 млн. долларлик «Замонавий меҳмонхона ва Конгресс-холл комплексини қуриш» лойиҳаси амалга оширилаётгани халқимизни улуғ бунёдкорлик ишларига руҳлантирмоқда.

Бундан ташқари, жорий йил якунига қадар шаҳар ва туманларимизда давлат дастурлари доирасида жами 436 та объектда қарийб 1 триллион 500 миллиард сўмлик қурилиш ва реконструкция ишлари олиб борилади. Жумладан, 96 та оғир маҳалланинг томорқалари оқар сув билан таъминланади. Ички йўллар ва электр таъминоти тармоқларида 319,4 млрд. сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилади. Саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида 11 трлн. сўмлик 464 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, улар бўйича 447 млн. долларга тенг тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилади.

Жўқорғи Кенгес Раиси ёшларимизнинг эришган натижаларини ҳам фахр билан эътироф этди. Хусусан, «Ёш китобхон» танловининг бу йилги мавсумида Тўрткўллик Ўғилжайрон Халдурдиева ўз тенгдошлари орасида ғолиб бўлиб, электромобиль (BYD) билан тақдирланган бўлса, умидли спортчиларимиздан Жалғасбай Бердимуратов Иордания давлатида спорт курашлари бўйича ўтказилган Осиё чемпионатида олтин медални, Шаҳзода Алланиязова эса бронза медалини қўлга киритишга муваффақ бўлди.

Тантанали байрам тадбирида Қорақалпоғистон халқ шоири Г.Давлетова байрамга бағишланган шеър ўқиди. Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти талабаси А.Алламбергенова тадбир иштирокчиларини ёшлар номидан байрам билан самимий табриклади.












Тадбир санъат усталари томонидан тайёрланган концерт дастури билан давом этди.

Тантанали йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Т.Худайбергенов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Ф.Эрманов иштирок этди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги