Ҳамкорликда амалга оширилиши лозим бўлган режалар белгилаб олинди

178

Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Жавдадхон Иноғомов бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясининг Қирғиз Республикасига ташрифи бўлиб ўтмоқда.

Уюшма ахборот хизмати маълумотига кўра, Бишкек шаҳридаги Қирғизистон маҳаллий ўзини ўзи бошқариш иттифоқида учрашув ташкил этилди. Учрашув аввалида қайд этилганидек, бугунги кунда Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Садир Жапаровнинг сиёсий иродаси, мустаҳкам дўстлиги сабаб мамлакатларимиз биргаликда ривожланиш йўлидан бормоқда.

Жавдадхон Иноғомов Ўзбекистоннинг ноёб тузилмаси бўлган маҳалла институти, Президентимиз ташаббуси билан жорий этилган «маҳалла еттилиги» фаолияти хусусида батафсил маълумот берди. Қирғиз Республикаси экспертлари эътироф этганидек, мазкур уникал тизим мамлакатда ишсизлик, миграция, оилавий ажримлар, жиноятчилик кўрсаткичларининг кескин пасайишига катта туртки берди. Шунинг учун ҳам мазкур амалиётга дунё мамлакатларининг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан катта қизиқиш билдирилмоқда.

Учрашувда Қирғиз Республикасининг ўзини ўзи бошқариш тизими, мамлакатнинг бугунги ривожланиш тенденциялари ҳақида маълумот берилди. Келгусида ҳамкорликда амалга оширилиши лозим бўлган режалар белгилаб олинди. Шунингдек, ўзбекистонлик соҳа масъулларига Қирғизистон Парламентининг бугунги кундаги фаолияти хусусида маълумот берилди.

Ташриф давомида Ўзбекистон делегацияси Қирғизистоннинг бош кутубхонасида бўлди.

Қирғиз Республикаси Миллий кутубхонаси Марказий Осиёдаги энг йирик кутубхоналардан биридир. Мамлакатнинг бош кутубхонаси қирғиз халқининг маданий бойликлари ва анъаналарини асраб-авайлаш борасида узоқ йўл босиб ўтди.

Меҳмонларга кутубхона тарихи, бугунги кундаги фаолияти ҳақида маълумот берилди. Ўзбекистон томони мазкур муассаса учун таниқли адиб Чингиз Aйтматовнинг ўзбек тилидаги асарларини тақдим этди.

Н.Усмонова,  

ЎзА