Учрашувлар самарали бўлмоқда

168

 

Қорақалпоғистон делегациясининг Корея давлатидаги муҳим музокаралари давом этиб, ташрифнинг якуний кунида Қорақалпоғистон делегацияси Жеонбук провинциясидаги Daejeon polytechnik ўқув марказида бўлди.

Таъкидлаш жоизки, ушбу ўқув юртида йилига 12 мингдан зиёд ёшлар таълим олиб, янги технологиялар асосида малака эгалламоқда. Техника, IТ, электроэнергетика ва бошқа мутахассисликлар бўйича назарий ва амалий билимлар берилиб, бандлигини таъминлашга кўмаклашилади.

Ўқув юрти раҳбарияти билан учрашувда икки томонлама ҳамкорлик, ушбу имкониятлардан фойдаланиб, Қорақалпоғистон ёшларининг ҳам бандлигини таъминлаш, уларни замонавий касбларга ўқитиш бўйича музокаралар олиб борилиб, яқин шериклик муносабатларини ўрнатиш бўйича келишиб олинди.

Шундан сўнг Smart Farm (Ақлли ферма) вакиллари билан учрашув ўтказилиб, ақлли фермада иссиқхоналарнинг имкониятларидан юқори ҳосил олишда фойдаланиш, бунда замонавий ёндашувлар орқали ҳосилдорликни ошириш бўйича ёшларга таълим бериш масалалари муҳокама қилинди. Музокаралар давомида ўзаро тажриба алмашиш ва янги иш ўринларини яратиш борасида ҳамкорлик бўйича келишувга эришилди.

Ташриф давомида Қорақалпоғистон делегацияси вилоят вице-губернатори билан учрашди.

Учрашувда Корея ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик, яқин ҳамкорлик муносабатларининг мустаҳкамланиб бораётгани, икки мамлакат ўртасида, жумладан, Қорақалпоғистон билан туризм соҳасини ривожлантириш, ёшларни касбга йўналтириш орқали бандлигини таъминлашга кўмаклашиш масалалари бўйича музокаралар олиб борилди.





Шундан сўнг Sejong институти вакиллари билан ҳам учрашув ўтказилиб, унда Sejong институти ва Қорақалпоқ давлат университети ўртасида тил ўрганиш марказини очиш бўйича келишув имзоланди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги