Европа ҳисоб палатаси делегацияси Ўзбекистонда уран конларини экологик тиклаш ишлари билан танишмоқда

Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси ахборот хизматининг маълум қилишича, шу кунларда Европа ҳисоб палатаси делегацияси мамлакатимизда бўлиб турибди.
Мазкур ташрифдан кўзланган мақсад Еврокомиссиянинг молиявий кўмагида Европа тараққиёт ва тикланиш банки (ЕТТБ) томонидан Ўзбекистон ҳудудидаги илгарги уран кони объектларида амалга оширилаётган атроф-муҳитни экологик тиклаш (рекультивация) ишлари ҳолати билан танишишдир.
Ташриф дастурининг биринчи кунида Европа ҳисоб палатаси катта аудитори Афонсо де Кастро Малхейро бошчилигидаги делегация Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси ҳамда Радиация ва ядро хавфсизлиги департаменти вакиллари билан учрашув ўтказди.
Мазкур учрашув давомида Янгиобод ва Чоркесарда жойлашган илгарги уран конларида амалга оширилаётган экологик тиклаш жараёнларида радиациявий хавфсизликни таъминлаш ва қонунчилик талабларига амал қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, объектларнинг жисмоний ҳимоясини йўлга қўйиш, радиоактив чиқиндилар ҳисобини юритиш ва давлат назоратини амалга ошириш масалалари бўйича маълумот ва тажриба алмашилди.
Маълумот ўрнида, Европа ҳисоб палатаси делегациясининг мамлакатимиздаги ташрифи 11 апрелда якунланади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА