Боғ қатор ораларига экин экиш ишлари бошланди

Тахиатош туманидаги Найманкўл овул фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган «Абдираҳмон Алибек Хожели» агрофирмасининг 6 гектар боғида боғ қатор ораларидаги ерлардан унумли фойдаланиш усуллари бўйича кўргазмали семинар ташкил этилди.
Унда тумандаги боғдорчиликка ихтисослашган деҳқон фермерлар, соҳа мутахассислари иштирок этди.
Ўтказилган семинарда Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги агрохизматлар маркази ва Агросаноатни ривожлантириш агентлиги мутахассислари томонидан боғдорчилик соҳасини ривожлантириш бўйича тавсиялар берилди.
Унда мевали боғ ораларидаги ерлардан самарали фойдаланиб полиз ва бошқа маҳсулотлар етиштириш, экинларда учрайдиган зарарли касалликларга қарши препаратларни қўллаш, тўпроқ унумдорлигини оширишда агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш бўйича қатор ишлар тушунтириб ўтилди.
– Бугунги кунда Тахиатош туманида жами 46 та фермер хўжалиги ва қишлоқ хўжалиги корхоналарида 208 гектарлик боғ майдонлари мавжуд. Шундан 107 гектари ҳосил бериб турибди, 101 гектари эса ёш боғлар ҳисобланади. Бугунги кунда Президентимизнинг тегишли қарор ва фармонлари ижросини таъминлаш, қолаверса, ерлардан унумли фойдаланиш мақсадида боғ қатор ораларига боғ-роғ ва полиз экинлари экиш ташкил этилмоқда. Бугунги семинарда боғ қатор ораларидан самарали фойдаланиш, экин экиш усуллари, агротехник тадбирлар бўйича мутахассислар томонидан тушунтириш ишлари олиб борилди, – дейди Агросаноатни ривожлантириш агентлиги Тахиатош тумани мутахассиси Жеткиншек Ибраимов.
Жорий йилда туманимизда жами 20 гектар боғ яратиш ва узумзорлар барпо этиш режалаштирилган. Бу ишлар ҳозирги вақтда якунланиш арафасида турибди. Бундан мақсад экспорт ҳажмини ошириш ва бозорларимизни арзон ва сифатли маҳсулотлар билан таъминлашдир.






Тадбирда иштирокчиларнинг фикр-мулоҳазалари ҳам тингланиб, боғ қатор ораларига плёнка остига полиз экинлари экилди.
А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги