Ўзбекистон-Испания: истиқболли ҳамкорлик янада кенгаяди

174

Ўзбекистон  ва Европа мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорлик йилдан йилга ривожланмоқда. Самарқанд шаҳрида жорий йилнинг 3-4 апрель кунлари ўтказилган “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммити ҳам икки минтақа ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш, халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб жиҳатлари юзасидан фикр алмашишда муҳим платформа бўлди. Қайд этиш керак, Ўзбекистон Европа Иттифоқи ва Европа давлатлари билан ҳамкорликни ўз ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири деб билади.

Анжуманда давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, умумий сиёсий ирода туфайли Марказий Осиёдаги чуқур трансформация жараёнлари барқарор ва ортга қайтмас тус олди. Ишонч ва яхши қўшничилик мустаҳкамланмоқда, кенг кўламли ҳамкорлик ва кооперация алоқалари кенгаймоқда.

“Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” форматидаги ўзаро ҳамкорлик тизимли ривожланиб тобора такомиллашмоқда.  Бу борада Испания Қироллигининг мамлакатимиз билан ҳамкорлигини таҳлил қиладиган бўлсак, икки томонлама алоқалар янги босқичга кўтарилди. Испания Европа Иттифоқидаги иқтисодиёти ривожланган мамлакатлардан бири ҳисобланади.  Ўзбекистон мустақиллигини 1991 йил 31 декабрда тан олган Испания билан дипломатик муносабатлар 1992 йил 17 мартда ўрнатилган. Ўтган йиллар давомида икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари такомиллашиб борди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилнинг июнь ойида Остона шаҳрида ШҲТ саммити доирасида бўлиб ўтган Испания қироли Филипп VI билан учрашуви ҳамкорлик самарадорлигини янада оширди. Барча соҳаларда алоқаларни мустаҳкамлаш борасидаги ишлар кўлами кенгайди. Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказиш механизми шаклланди. Дўстона муносабатларни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашда икки мамлакат вакиллик органларида тузилган депутатлик дўстлик гуруҳлари муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистон ва Испания Омбудсман институтлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида имзоланган битим ҳам самарали бўлди.

Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимга мувофиқ Испания билан савдо бўйича энг қулай давлат режими ўрнатилди. Бугунги кунда мамлакатимизда Испания  компаниялари иштирокида 16 та корхона фаолият юритмоқда. Улардан 8 таси қўшма корхона сифатида,  8 таси 100 фоиз испан капитали  асосида иш юритмоқда. Таъкидлаш жоизки, икки мамлакат ишбилармон доираларининг ҳамкорлик ва ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва кенгайтиришдан ўзаро манфаатдорлиги сезиларли даражада ошмоқда. Агросаноат, озиқ-овқат, кимё, тўқимачилик, туризм, фармацевтика, виночилик, машинасозлик саноати икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари ҳисобланади. Маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик 2001 йилда имзоланган Маданият ва таълим соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим асосида амалга оширилмоқда.

Мазкур ҳужжатга кўра, турли тадбирлар ташкил этилмоқда. Жумладан, 2004 йилнинг апрель-май ойларида Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида Амир Темур давлати билан Кастилия Қироллиги ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 600 йиллиги кенг нишонланди. 2006 йилда Мадридда Амир Темур таваллудининг 670 йиллиги ва давлатлар ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 600 йиллигига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтди.

Таълим соҳасидаги ҳамкорлик алоқалари ҳам йилдан йилга мустаҳкамланмоқда. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети билан Мадрид, Гранада, Алкала де Ҳенарес ва Малага университетлари ўртасидаги ҳамкорлик фаол ривожланяпти. 2019 йил Кастилия-Ла-Манча университети Самарқанд давлат чет тиллар институти ва Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети қошида иккита испан тили ва маданияти марказини очди. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳамда Сан-Пабло университети, шунингдек, Сантяго де Компостела университети ва Тошкент педиатрия тиббиёт институти ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланган.

Икки давлатнинг бой тарихий мероси ва маданияти туфайли туризм соҳасида ҳамкорлик қилиш учун катта имкониятлар мавжуд. Кейинги 8 йилда икки тарафлама иқтисодий муносабатларнинг ўзаро савдо ҳажми икки баробар ошган ҳамда Ўзбекистонда қўшма корхоналар сони қарийб икки карра кўпайган. Испания Европа Иттифоқининг энг асосий драйверларидан бири сифатида дунёга маълум ва ўз тарихи, маданияти билан машҳур. Бугун ушбу мамлакат Ўзбекистон билан мустаҳкам ҳамкорлик ришталарини боғлаган. Самарқанд саммити ана шу кенг кўламли, ҳар томонлама манфаатли алоқаларни янада мустаҳкамлашда янги уфқларни очиб беради.

Беҳруз Худойбердиев, ЎзА мухбири