Сеул шаҳрида «Корея – Ўзбекистон (Қорақалпоғистон) ҳамкорлигини ривожлантириш маркази» очилди

Сўнгги йилларда Президентимиз раҳнамолигида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ғоят кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шу асосда қатор хорижий давлатлар, жумладан, Корея давлати билан ҳам яқин ҳамкорлик муносабатлари ўрнатилиб, мустаҳкамланиб бормоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қўмита раиси М.Атамуратов бошчилигидаги Қорақалпоғистон делегациясининг ушбу мамлакатга ташрифи давомида Кореянинг Сеул шаҳрида «Корея-Ўзбекистон (Қорақалпоғистон) ҳамкорлигини ривожлантириш маркази»нинг очилиш маросими ўтказилди.
Унда Ўзбекистоннинг Кореядаги элчиси А.Абдусаломов, People and Dream фонди раҳбарлари, Корея-Ўзбекистон яқин ҳамкорлик муносабатлари доирасида мамлакатимиз ҳудудлари ва тадбиркорлари билан ҳамкорликни йўлга қўйган йирик компания вакиллари, таълим муассасалари профессорлари, давлат идоралари вакиллари иштирок этди.
Ушбу тадбир икки давлат ўртасида ўтган йил охиридан буён ўтказилган амалий маслаҳатлашувлар ва ҳамкорлик келишувлари натижаси бўлиб, Корея ва Ўзбекистон ўртасидаги мунтазам ҳамкорликда янги бурилиш нуқтасига замин яратди.
Очилиш маросимида марказ раҳбари Ли Сеок Хенга Қорақалпоғистон Республикасидан тайинланган расмий хат топширилиб, Қорақалпоғистон Республикаси ва «Халқ» фонди ўртасида марказ фаолияти тўғрисида тадбиркорлик шартномаси имзоланди.





Тадбирда марказнинг бизнес-режаси ва уни амалга ошириш стратегияси тақдимоти юзасидан ҳам қизғин муҳокамалар бўлиб ўтди. Элчи Алишер Абдусаломов: «Қорақалпоғистон Республикаси Ўзбекистон учун жуда муҳим минтақа ҳисобланади ва ушбу ҳамкорлик ва тараққиёт марказининг очилиши икки мамлакат ўртасида ўзаро тушуниш ва фаровонликка олиб келишига умид қиламан,» – деди ва элчихона ҳамкорлик маркази фаолиятини фаол қўллаб-қувватлашини қўшимча қилди.
Таъкидлаш жоизки, янги ташкил этилган ушбу марказ биргаликда бизнес-режаларни амалга ошириш, иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни йўлга қўйиш, олий таълимда ўзаро тажриба алмашиш ва янги иш ўринлари масалалари бўйича яқин шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги