Саммит доирасида муҳим учрашув ўтказилда

Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масаласи мамлакатимиз тараққиётининг устувор йўналишларидан бири бўлиб келмоқда.
Ҳурматли Президентимизнинг Қорақалпоғистон Республикасига бўлган алоҳида эътибори натижасида ўтказилаётган Орол маданият саммити доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев БМТ Тараққиёт Дастури (UNDP) Администрацияси ёрдамчиси, БМТ Тараққиёт Дастурининг Европа ва МДҲ бўйича минтақавий бюроси директори Ивана Живкович билан учрашди.
Учрашувда дастлаб мамлакатимизда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда халқимизнинг ҳаёт даражасини яхшилашга қаратилган ташаббусларни такомиллаштириш юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар кенг таъкидлаб ўтилди.



Шунингдек, иқлим ўзгариши оқибатларидан муҳофаза қилиш ва унга қарши курашиш масалалари юзасидан Европа иттифоқи билан ҳамкорликни янада такомиллаштириш борасидаги амалий чора-тадбирлар ғоят муҳим экани алоҳида таъкидланди.
Ўтказилган учрашув давомида мамлакатимиз, жумладан Қорақалпоғистон ва БМТ Тараққиёт Дастури ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари, хусусан, Қорақалпоғистон ва Оролбўйи минтақасини барқарор ривожлантириш бўйича кенг фикр алмашилди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги