Халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 4 апрель куни Самарқанд иқлим форуми доирасида БМТ тузилмалари ва бир қатор халқаро ташкилотлар раҳбарларини қабул қилди.
БМТ Бош котиби ўринбосари, Европа иқтисодий комиссияси ижрочи котиби Татьяна Молчан давлатимиз раҳбарига БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг саломи ва самимий тилакларини етказди.
Шавкат Мирзиёев комиссиянинг 2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишдаги муҳим ўрнини, шунингдек, транспорт, инновациялар, тўқимачилик, энергетика, экология ва гендер тенглик соҳаларида, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши масалаларида кўрсатилаётган экспертлик кўмагини алоҳида қайд этди.
Минтақавий ва мамлакат миқёсидаги лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2023 йил ноябрь ойида Боку шаҳрида бўлиб ўтган БМТнинг Марказий Осиё иқтисодиётлари учун махсус дастури (СПЕКА) биринчи саммитида билдирилган ташаббусларни амалий илгари суриш жиҳатлари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон томонининг таклифига биноан СПЕКАнинг 2030 йилгача ривожланиш концепцияси қабул қилингани, ЕИК билан савдо тартиб-таомилларини соддалаштириш бўйича «йўл харитаси» имзолангани, Транскаспий йўлаги доирасида рақамлаштириш ва ҳужжатлар алмашинуви бўйича комплекс чора-тадбирлар изчил амалга оширилаётгани мамнуният билан қайд этилди.
Йил бошида комиссия кўмагида Ўзбекистон Аҳолининг экология ҳолати тўғрисидаги ишончли ахборотдан фойдаланиши тўғрисидаги Орхус конвенциясига қўшилди.
Ҳаво конвенцияси ва Саноат аварияларининг трансчегаравий таъсири тўғрисидаги конвенцияга қўшилиш масаласи ишлаб чиқилмоқда.
СПЕКА дастурининг Мақсадли жамғармасини тез фурсатда ишга тушириш муҳим экани таъкидланди.

БМТ Бош котиби ўринбосари, БМТнинг аҳоли пунктлари бўйича дастури (БМТ-Хабитат) ижрочи директори Анаклаудия Россбах билан учрашув чоғида ушбу нуфузли институт билан шаҳарларни барқарор ривожлантириш, инфратузилмани модернизация қилиш ва аҳоли турмуш сифатини ошириш борасида кўп қиррали шерикликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
БМТнинг юқори даражали вакили мамлакатимизда «ақлли» ва «яшил» шаҳарларни барқарор ривожлантириш, аҳоли учун қулай муҳит яратишга қаратилган урбанизация соҳасидаги ислоҳотларни ижобий баҳолади.
Шаҳарларни бошқаришга замонавий рақамли ечимларни жорий қилиш, «яшил» қурилиш стандартларини ишлаб чиқиш, шаҳар муҳитида иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича махсус дастурни ишга тушириш борасидаги ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди.
Ўзбекистонда Бутунжаҳон тозалик кунини ўтказиш ва Тошкентда ташкилот офисини очиш масалалари кўриб чиқилди. Амалий ҳамкорлик йўналишлари бўйича «йўл харитаси»ни қабул қилишга келишиб олинди.
БМТ Бош котибининг ўринбосари, Чўлланишга қарши курашиш конвенцияси ижрочи котиби Иброҳим Тиав билан учрашувда мамлакатимиз ва минтақамизда чўлланиш, ерлар деградациясига қарши курашиш соҳасида БМТнинг ушбу нуфузли тузилмаси билан ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

БМТ вакили Ўзбекистон раҳбарининг форумдаги нутқини юқори баҳолаб, иқлим таҳдидларига қарши курашиш бўйича илгари сурилган ташаббусларнинг долзарблиги ва Марказий Осиёнинг «Яшил» тараққиёт концепцияси ўз вақтида тақдим этилганини таъкидлади.
Ўтган йил август ойида БМТ Бош Ассамблеяси Ўзбекистон томонидан илгари сурилган ўрмонларни тиклаш бўйича резолюцияни бир овоздан маъқуллагани, шунингдек, ерлар деградациясининг олдини олиш бўйича миллий мақсадларни ишлаб чиқиш бошлангани мамнуният билан қайд этилди.
Тошкент шаҳридаги “Яшил университет” негизида Ерлар деградацияси ва чўлланишга қарши курашиш бўйича халқаро илмий тармоқни ташкил этишга Конвенция экспертлари жалб қилиниши белгиланди.

Бирлашган Араб Амирликлари энергетика ва инфратузилма вазири Суҳайл ал-Мазруий бошчилигидаги делегация билан учрашув аввалида вазир давлатимиз раҳбарига БАА Президенти Шайх Муҳаммад Ол Наҳаён, Бош вазири, Дубай амири Шайх Муҳаммад Ол Мактум ва вице-президенти Шайх Мансур Ол Наҳаённинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Қабул қилинган «йўл харитаси» асосида устувор йўналишларда амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Президентининг жорий йил январь ойида БААга амалга оширган ташрифининг тарихий якунлари, натижада икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди.
Ўзаро савдо ҳажми, қўшма корхоналар ва тўғридан-тўғри парвозлар сони барқарор ошиб бормоқда. Амирликларнинг етакчи компаниялари иштирокидаги лойиҳалар портфели қарийб 20 миллиард долларни ташкил этмоқда.
Ўзбекистон ҳудудларида «яшил» энергетика, электротехника, қишлоқ хўжалиги, сув хўжалиги, коммунал ва транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича кооперация лойиҳаларини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.
Бўлажак олий даражадаги тадбирларга тайёргарлик масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Сўнгра давлатимиз раҳбари Ўзбекистон – Саудия Ишбилармонлар кенгаши ҳамраиси, «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайянни қабул қилди.

Саудия Арабистони компаниялари билан амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Президентимиз Ўзбекистоннинг «яшил» энергетика соҳасида стратегик инвестор бўлган «ACWA Power» компанияси билан самарали шериклик жадал ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этди. Бугунги кунда компания билан амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар портфели 15 миллиард долларга етди.
Ўтган йил декабрда Бухоро вилоятида ҳар бир 500 мегаваттли 2 та шамол электр станцияси тармоққа уланди, шунингдек, Самарқанд вилоятида умумий қуввати 1 гигаватт бўлган иккита қуёш станцияси ва Тошкент вилоятида энергия сақлаш тизимларини қуриш лойиҳалари бошланди.
«Яшил» энергетика, инфратузилма, фармацевтика, иссиқлик ва сув таъминотини модернизация қилиш, уй-жой коммунал хўжалиги ва бошқа устувор йўналишлардаги лойиҳаларни жадал амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди.
Шу маънода, жорий йилда Самарқанд шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши ва бизнес форумига пухта тайёргарлик кўриш зарурлиги таъкидланди.
ЎзА