Нукусда Биринчи Орол маданият саммити бўлиб ўтди

Бугун дунё давлатлари, халқаро ташкилотлар, етакчи экспертлар ҳамда нуфузли оммавий ахборот воситалари вакилларининг диққат-эътибори Ўзбекистонга қаратилган. Сабаби, 3-4 апрель кунлари юртимизнинг қадимий маданият ўчоғи бўлган гўзал Самарқанд шаҳрида мамлакатимиз сиёсий ҳаётидаги катта тарихий воқеа «Марказий Осиё – Европа Иттифоқи» биринчи саммити ва унинг доирасида Глобал иқлим форуми бўлиб ўтган бўлса, бу тадбир 5 апрель куни Нукус шаҳридаги Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган Оққуш мажмуасида ўз ишини бошлаган «Орол маданият саммити»га уланиб кетди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 28 март куни «Орол маданият саммитини юқори савияда ўтказиш тўғрисида»ги қарори қабул қилиниб, Орол минтақасида қулай табиий муҳит яратиш, ҳудуднинг ноёб маданияти ва тарихий меросини асраб-авайлаш ва кенг тарғиб қилиш, бу йўналишларда илмий-тадқиқот ишларини, инновацион лойиҳаларни ва бунёдкорлик ташаббусларини амалга ошириш учун халқаро ҳамкорлик ва мулоқотларни янада кенгайтириш борасида ўтказилаётган ушбу тарихий тадбир келгуси вақтларда ҳар ўн саккиз ойда ўтказилиши белгиланмоқда. Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан ташкил этилаётган саммитда Европа давлатлари ва мамлакатимизнинг санъат, маданият соҳасининг таниқли мутахассислари, сиёсатчилар, экспертлар, рассомлар, дизайнерлар ва эколог олимлар иштирок этмоқда.
«Орол маданият саммити»нинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёрдамчиси С.Мирзиёева иштирок этиб экологик глобал муаммонинг идеал ечими бўлган Оролнинг қуриган тубини яшил ўрмонзорга айлантириш бўйича қилинаётган эзгу ишларга тўхталиб ўтди ва дунё кенг жамоатчилигининг экологик вазиятларга бефарқ эмаслигини таъкидлаб, саммитнинг очилиши билан барчани табриклади.
Шундан сўнг Өзбекстон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Т. Худойберганов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев сўзга чиқиб, Президентимиз ташаббуси билан Қорақалпоғистонга қаратилаётган алоҳида эътибор ва ғамхўрлик ҳақида тўхталиб ўтди. Оролбўйини ривожлантириш ва яшил маконга айлантириш бўйича қилинаётган кенг кўламли чора-тадбирлар рақамларда ўз тасдиғини топмоқда. Бугунги кунга келиб денгиз тубида 1 млн 850 гектар ер майдонига ўрмонзорлар барпо этилди. Бу йилги мавсумда ҳам 200 минг гектар майдонга чўлга чидамли ўсимликларни экиш ишлари давом этишини таъкидлади. Бундай ишларга бугун дунё кенг жамоатчилигининг диққат-эътибори қаратилаётганлиги ҳаммадан ҳам муҳимдир.






Таъкидланганидек, Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан ташкил этилган мазкур саммит санъат, маданият, дизайн ва илм-фан орқали мулоқот ва ҳаракатни ривожлантиришга қаратилган. Орол маданият саммити (ACS) Орол денгизи инқирози ва глобал иқлим муаммоларини ҳал қилишнинг барқарор ечимларини ўрганиш ва амалга ошириш мақсадида икки шаҳардаги етакчи маданият арбоблари, сиёсатчилар, рассомлар ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги экспертларни бирлаштиради. Тадбир Самарқандда минтақа ва Европа давлатлари раҳбарлари иштирокида бўлиб ўтаётган Ўзбекистоннинг экологик ва ижтимоий ривожланиш бўйича минтақавий ҳамкорликка содиқлигини мустаҳкамлайдиган биринчи Глобал иқлим форуми доирасида очилганлиги билан ҳам муҳимдир .
Саммит резиденциялар, лабораториялар, семинарлар, кўргазмалар ва фестивалларни ўз ичига олган ташаббуслар орқали Ўзбекистоннинг Қорақалпоғистон минтақасида инновациялар ва ижобий ўзгаришларни амалга оширишга интилади. Шунингдек, саммит минтақа атроф-муҳитини қайта тиклаш ва жонлантириш, шу билан бирга, сиркуляр иқтисодиёт тамойилларига мос келадиган янги корхоналарни жалб этиш, барқарор иқтисодий ўсишни яратишга қаратилган. Лойиҳа 2023 йил март ойида Нью-Йоркда бўлиб ўтган БМТнинг Сув конференцияси чоғида расман эълон қилинган. У жаҳон ҳамжамияти эътиборини Оролбўйининг экологик ва маданий муаммоларига қаратишда муҳим қадам бўлди.
– Орол маданият саммити бу ўзгаришлар учун майдон ва минбардир. Маданий мулоқотни иқлим кун тартиби билан уйғунлаштириш орқали биз санъат узоқ муддатли барқарор ривожланишга бўлган жамоавий интилишларимизга ҳисса қўшишини кафолатлаймиз. Бизнинг “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё саммити” ва Глобал иқлим форуми билан ҳамкорлигимиз атроф-муҳит ўзгаришини рағбатлантиришда маданиятнинг залварли ўрин эгаллашини таъкидлайди, – дейди Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раиси Гаянэ Умерова.
Тадбирда маърузалар тингланиб, савол-жавоб ва фикр алмашинувлар билан давом этди.
– Орол денгизи муаммоси билан танишиб чиққанимдан сўнг мен бу саммитни узоқ кутдим. Бу Қорақалпоғистонга учинчи ташрифим. Илгари Мўйноқ туманида ҳам бўлганман ва бу ўлка менга жуда ёқиб қолди. Менинг касбим аграр соҳа билан боғлиқ бўлгани учун иқлим ўзгаришига оид ҳар бир масала ва муаммо жуда долзарб, деб ўйлайман. Ўзимнинг Оролга бўлган муҳаббатим жамланган «Айтилмаган ҳикоялар» номли китобимни ҳам нашрдан чиқарганман. Ҳудудда ёшларга қаратилаётган эътиборни кўриб жуда хурсанд бўлдим. Прогрессивлар, дизайнерлар ва жуда моҳир реактив фикрга эга бўлганларни бирлаштириб дунёга кўрсатишда эса, Нукус энг қулай жой бўлади деган фикрдаман, – дейди Буюк Британиялик ёзувчи ва журналист Филип Моган.
Оролбўйи минтақасини жонлантириш, қайта тиклаш ва жаҳон иқтисодиёти тамойилларига мос келадиган янги корхоналарни ишга тушириш, барқарор иқтисодий ўсишни яратиш саммитнинг устувор йўналишларидан бири бўлди.
– Бугунги саммитда дунё бўйлаб икки юздан зиёд экспертлар, файласуфлар, дизайнерлар ва соҳага оид мутахассислар иштирок этмоқда. Тадбирни ўтказишдаги муҳим жиҳат шундаки, дунё эътибори яна бир бор Орол муаммосига, маданий масалаларга, минтақага қаратилмоқда. Албатта, нафақат маданий масалалар, балки Орол денгизи атрофидаги бугунги кундаги экологик муаммолар ҳақида ҳам сўз юритилмоқда. Нукус шаҳрида турли соҳа экспертларининг йиғилиши келажакда экологик ва маданий масалаларни ҳал қилиш учун катта платформа ҳисобланади. Бу янги лойиҳаларга йўналиш бўлади, деб ишонамиз, – дейди Оролбўйи халқаро инновация маркази директори Б.Ҳабибуллаев.
Саммит Чилпиқ тарихий масканида ташкил этилган маданий тадбир билан давом этиб, унда ўтказилган концерт дастурида санъат ва маданият ходимлари, ёш истеъдод эгалари ижросидаги қўшиқлар, моҳир раққосаларнинг ажойиб чиқишлари томошабинлар эътиборига ҳавола этилди ва йиғилганларда катта таассурот қолдириб, хуш кайфият улашди.

Тадбирнинг иккинчи куни ҳам иштирокчиларнинг маърузалари ва таклиф-мулоҳазалари билан давом этди. Олимлар, экспертлар ўз илмий ишларидан келиб чиқиб, ушбу ҳудуддаги экологик муаммоларни ҳал этиш бўйича мисоллар билан фикр алмашди. Тадбирда республикамиздаги кўнгилли ёшлар ва ёш олимлар ҳам фаоллик кўрсатди.
Саммит И.В.Савицкий номидаги музейда бўлиб ўтган маданий тадбир билан давом этди.
Гулнора Турдишова, Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.
Мақсад Ҳабибуллаевнинг олган суратлари