Халқлар дўстлиги мустаҳкамланмоқда

198

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Нукус филиалида «Ўзбекистон – умумий уйимиз!» мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Тадбир доирасида филиалда аҳиллик ва ҳамжиҳатликда, дўстона муносабатларда таҳсил олаётган турли миллат вакиллари ҳисобланган талаба-ёшларнинг, шунингдек, юртимизда фаолият юритаётган миллий-маданий марказларнинг миллий кўргазмалари, анъаналари, урф-одатлари, миллий қўшиқлари ва рақслари тадбир иштирокчилари эътиборига ҳавола этилди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари Р.Нуразизов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг депутати А.Толибеков, Қорақалпоғистон Республикаси Суди судяси Е.Утениязов ва меҳнат нуронийи Б.Султановлар меҳмон бўлди.

Тадбирни филиал директори А.Аяпов кириш сўзи билан очди ва бошқариб борди.

«Ўзбекистон – умумий уйимиз!» номли халқлар дўстлигини тараннум этишга бағишланган фестивалда меҳмонларимиз сўзга чиқиб, юртимизда миллатлараро тотувлик, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда кўп миллатли вакилларнинг ҳамжиҳатликда яшаб келаётгани бўйича кўплаб маълумотларни айтиб ўтди.

Ҳақиқатдан ҳам бугунги кунда юртимизда 130 дан зиёд турли миллат вакиллари аҳил ва иноқ яшаб, халқимиз ягона мақсад, ягона ғоя йулида бирлашиб, юртимизни равнақ топтириш йулида меҳнат қилмоқда.

Тадбирда филиал талаба-ёшлари томонидан миллий ва қардош халқларнинг миллий қўшиқ ва рақслари ижро этилиб, йиғилганларга ўзгача завқ бағишлади.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси