Регби спорт турини ривожлантириш масаласи муҳокама қилинди

Сўнгги йилларда юртимизда жисмоний тарбия ва спортни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, спортнинг барча турларини, жумладан, регбини янада оммалаштириш, спорт билан шуғулланиш учун қулай шароит ва инфратузилма яратишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.
Нукус шаҳрида Қорақалпоғистон Республикаси Спорт вазирлиги ва Ўзбекистон Регби федерацияси Қорақалпоғистон бўлими ташаббуси билан мураббий ва устозлар иштирокида спортнинг регби турини ҳудудда янада ривожлантириш, барча туманларда регби спорт турини очиш ва унга ёшларни жалб этиш масаласига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Спорт вазири Эркинбай Қутибаев ҳамда Ўзбекистон Маҳаллалар уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ва Ўзбекистон Регби федерацияси Қорақалпоғистон бўлими бошлиғи Сағиндиқ Турманов сўзга чиқиб, сўнгги йилларда федерация томонидан амалга оширилган ишлар ва қўлга киритилган ютуқлар бўйича маълумот бериб, соҳада учраётган камчиликларга ҳам тўхталиб ўтди.
– Регби – жисмоний жиҳатдан бақувват бўлган йигит-қизлар шуғулланадиган спорт тури. Бу спорт туридан нафақат пойтахтимизда, балки туманларда ҳам жамоалар шаклланяпти. Федерация томонидан регбини ёшлар ўртасида кенг ривожлантириш мақсадида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Регби мамлакатимизда энг қизғин ўйналадиган жамоавий ўйинлардан бирига айланишига ҳаракат қиламиз, – дейди Ўзбекистон Регби федерацияси Қорақалпоғистон бўлими бошлиғи Сағиндиқ Турманов.






Тадбир давомида регби спорт турини янада ривожлантириш, уни республика аҳолисининг кенг қатламлари ўртасида кенг тарғиб қилиш ва оммалаштириш, юқори сифатли ўқув-машғулот жараёнини таъминлаш, спортчилар, мураббийлар ва ҳакамларнинг маҳорат даражаси ва малакасини мунтазам ошириб бориш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, регби спорт тури бўйича спортчиларни тайёрлаш учун моддий-техник базани мустаҳкамлаш доирасидаги масалалар муҳокама қилинди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги