Марказий Осиё етакчилари яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини ривожлантиришда якдил

240

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 3 апрель куни “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммитида иштирок этиш учун Самарқандга келган Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон ва Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев билан учрашувлар ўтказди.

Туркманистон Президенти давлатимиз раҳбарига Туркман халқининг миллий етакчиси, Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедовнинг самимий саломини етказди.

Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.

Ўтган йил якунларига кўра 1,1 миллиард доллардан ошган товар айирбошлаш кўрсаткичлари барқарор ўсиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилди.

Саноат, энергетика, транспорт, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларида кооперация лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилмоқда. Биргаликда «Шовот – Тошовуз» чегараолди савдо зонаси ташкил этилмоқда. Фаол ҳудудлараро мулоқотлар ва маданий-гуманитар алмашинув доирасидаги тадбирлар мунтазам ўтказилмоқда.

Бўлажак олий даражадаги икки томонлама учрашувлар ва кўп томонлама тадбирларга тайёргарлик кўриш, шунингдек, кенг қамровли ҳамкорлик бўйича қўшма лойиҳаларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон ва Тожикистон етакчилари мулоқотида жорий йил 31 март куни Хўжанд шаҳрида ўтган олий даражадаги уч томонлама учрашувнинг тарихий натижалари катта мамнуният билан қайд этилди.

Чегара масалаларининг тўлиқ тартибга солиниши минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришда янги саҳифа очиши таъкидланди.

Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Олий даражадаги келишувларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шу ойда бўлиб ўтадиган Ҳукуматлараро комиссия йиғилишида товар айирбошлашни кўпайтириш ва кооперация лойиҳаларини жадаллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш муҳимлиги қайд этилди.

Етакчилар минтақавий кун тартибидаги масалаларни, шунингдек, икки ва кўп томонлама тадбирларга тайёргарликни муҳокама қилдилар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров ҳам учрашув аввалида Хўжанд шаҳрида давлат раҳбарларининг уч томонлама учрашуви самарали бўлгани ҳамда давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисида тарихий шартнома имзоланганини алоҳида мамнуният билан қайд этдилар.

Олий даражадаги келишувларни амалга ошириш масалалари, хусусан, саноат, транспорт, энергетика ва инфратузилма соҳаларида муҳим кооперация лойиҳаларини жадаллаштириш чоралари кўриб чиқилди.

Давлат раҳбарлари фаол ҳудудлараро алоқалар ва маданий-гуманитар алмашинувни давом эттириш зарурлигини таъкидладилар.

Бўлажак тадбирлар режаси ва минтақавий ҳамкорликнинг бошқа долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Ўзбекистон ва Қозоғистон етакчилари учрашувида стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини икки давлат раҳбарларининг яқинда Олмаота шаҳрида бўлиб ўтган норасмий учрашувида эришилган келишувларни ҳисобга олган ҳолда янада ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Икки мамлакат ҳукуматлари товар айирбошлашни кўпайтириш, иқтисодий лойиҳалар ва гуманитар дастурларни, шу жумладан, ҳудудлар даражасида илгари суриш бўйича мувофиқлаштирилган чора-тадбирлар кўриши муҳимлиги таъкидланди.

Халқаро саноат кооперацияси марказини ишга тушириш жараёнини тезлаштириш тўғрисида келишиб олинди.

Шунингдек, минтақавий кун тартиби юзасидан фикр алмашилди, олий даражадаги тадбирлар жадвали кўриб чиқилди.

ЎзА