Тергов судьяси институти: Муҳим янги мақсад ва вазифалар

Муносабат
Суд ҳокимиятининг асосий вазифаси – фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қонунларни қўллашда қонунийлик ва адолатни таъминлашдан иборат. Жамият ҳаётининг барча соҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ўз навбатида, иш бўйича барча ҳолатлар суд томонидан ҳар томонлама текширилиб, далилларга холис баҳо берилишига, оқлов ҳукмлари кўпайишига замин яратмоқда. Натижада, фуқароларнинг судга бўлган ишончи ҳам ортмоқда.
Президентимиз томонидан 2024 йил 10 июнда қабул қилинган «Тезкор-қидирув ва тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармон суд-ҳуқуқ тизимидаги самарали ислоҳотларнинг изчил давоми бўлди.
Фармон билан суд-ҳуқуқ тизимида замонавий талаблар ва халқаро стандартлар асосида ишни судгача юритиш босқичида тергов судяси лавозими жорий этилиши белгиланди.
Тергов судяси – Ўзбекистон суд тизими учун янги институт бўлиб, унинг олдига жуда муҳим мақсад ва вазифалар қўйилди. Бу лавозим жиноят ишлари бўйича туман ва шаҳар судларида жорий этилди.
Фармон асосидаги энг муҳим янгилик, 2025 йилнинг 1 январидан жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида тергов судяси лавозими жорий этилди. Тергов судялари жиноят ишлари бўйича судгача иш юритиш даврида процессуал қарорларга санкция бериш масаласини кўриб чиқади.
Бундан ташқари, тергов судяларига маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати берилди. Улар кўриб чиққан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар эса, амалдаги тартиб бўйича юқори инстанцияларда қайта кўриб чиқилади. Шунингдек, тергов судяси санкциялар ва мажбурлов чораларини қўллаш масаласини ҳам ҳал қилади.
Ривожланган давлатлар юрисдикциясида турли кўринишларда муваффақиятли қўлланиб келинаётган ушбу амалиёт миллий қонунчилигимизга, қолаверса, миллий менталитетимизга уйғун тарзда ишлаб чиқилди.
Энди ушбу институт тарихига озгина назар ташлайдиган бўлсак, тергов судяси институти, айниқса, Францияда ўзининг тарихий илдизларига эга. Бу институт ҳақидаги дастлабки эслатмалар шу мамлакатга бориб тақалади. Институт меъёрий ҳужжатларда биринчи маротаба 1808 йилда Наполеон жиноят-тергов кодексида акс эттирган. Россияда 1860 йилдан «суд терговчилари» номи билан танилган. Уларнинг пайдо бўлиши билан тергов функцияси полиция ва прокуратура фаолиятидан ажратилган.
Ушбу институт хорижий мамлакатларда, жумладан, 2002 йилда Литвада, 2003 йилда Молдавия ва Эстонияда, 2005 йилда Латвияда, 2013 йилда Украинада, 2015 йилда эса Қозоғистон, Грузия ва Қирғизистонда жорий этилган. Бундан ташқари, Белгия, Греция, Ироқ, Испания, Нидерландия ва Хорватия давлатларида ҳам ўз фаолиятини муваффақиятли амалга ошириб келмоқда.
Яқингача жиноят ишлари бўйича судларга маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар, жиноят ишлари, мансабдор шахслар чиқарган қарорлар устидан билдирилган шикоятлар ҳамда судгача иш юритиш даврида процессуал қарорларга санкция беришга оид ишларни кўриб чиқиш ваколати берилган эди.
Бу ўз ўрнида жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судларида якка тартибда иш олиб бораётган ҳар бир судянинг ўзига жуда кўп ишларни кўриб чиқиш вазифасини юклаши билан бирга, ўз навбатида бу фуқаролар томонидан ўринли эътирозларга ҳам сабаб бўлаётганди. Жорий этилаётган янги тартиб орқали жиноят ишлари бўйича биринчи инстанция судлари судялари ўртасида иш кўлами мутаносиблигини тўлиқ таъминлашга эришилади.
Шу ўринда яқинда «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинганини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Мазкур қонун билан қатор қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Хусусан, Жиноят-процессуал кодекси «Тергов судясининг ваколатлари» номли 311-модда билан тўлдирилди. Унга кўра, тергов судяси якка ўзи иш олиб боради. Судгача иш юритиш босқичида шахснинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши устидан суд назоратини амалга оширади.
Тергов судяси ўз ваколатидан келиб чиқиб, қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш, қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш, ушлаб туриш муддатини қирқ саккиз соатгача узайтириш тўғрисидаги илтимосномаларни кўриб чиқади.
Шунингдек, паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш, айбланувчини лавозимидан четлаштириш, шахсни тиббий муассасага жойлаштириш, шунингдек, айбланувчининг тиббий муассасада бўлиш муддатини узайтириш, мурдани эксгумация қилиш, почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш ва прокурорнинг гувоҳ ва жабрланувчи (фуқаровий даъвогар) нинг кўрсатмаларини олдиндан мустаҳкамлаш тўғрисидаги илтимосномаларини кўриб чиқиш, тинтув ўтказиш, телефон ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиш, улар орқали юбориладиган ахборотни олиш, мол-мулкни хатлаш тўғрисидаги илтимосномаларни кўриб чиқиш каби 11 турдаги санкция ва мажбурлов чораларини қўллаш масаласини кўриб чиқиш ваколати берилди.
Шунингдек, жиноят ишлари бўйича судгача иш юритиш даврида тергов судяси томонидан процессуал қарорларга берилган санкциялар фақат апелляция инстанциясида Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан якка тартибда қайта кўриб чиқилиши тартиби белгиланди.
Тергов судяси ўз фаолиятини мустақил амалга оширади ва у фақат қонунга бўйсунади. Тергов судяси зиммасига одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай вазифаларнинг юклатилишига йўл қўйилмайди.
Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қонун устуворлигига эришиш, одил судловни таъминлашда мутлақо янги – тергов судяси институтининг жорий этилгани суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларда янги босқични бошлаб берди. Дарҳақиқат, тергов судяси институти суд тизимида қисқа вақт ичида ўз ўрнига эга бўлиши дастлабки кунларданоқ кўзга ташлана бошлади.
Қорақалпоғистон Республикасида жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судларида шу йилнинг 1 январь санасидан бошлаб 18 тергов судяси ўз ишини бошлади.
Ушбу янги институт судлар фаолиятида ишни судгача юритишда тарафларнинг тенглиги ва тортишув принципи таъминланишига, ҳимоячининг ҳуқуқлари кенгайишига ҳамда айблов ва ҳимоя томонининг фаолияти устидан холис суд назоратининг амалга оширилишига янада қулай шароит яратиб, жиноят ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларнинг ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқилишига, энг асосийси «Хабеас корпус» институтини амалиётга янада кенгроқ жорий этиш имкониятларини яратиш орқали фуқароларнинг эътирозлари ўз-ўзидан бартараф этилишига ва одил судловга бўлган ишончини оширишга хизмат қилади.
Энг муҳими, суриштирув ва тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ишончли ҳимоя қилишга ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Абилай АДИЛОВ,
Қорақалпоғистон Республикаси суди раисининг ўринбосари
Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги