Ернинг йўлдоши Ойда синов ўтказилди (+видео)
НАСА Ойдаги космик миссияларнинг асосий муаммоларидан бирини ҳал қилувчи янги технологияни муваффақиятли синовдан ўтказди.
Электродинамик чанг қалқони (ЭДС) ускуналар юзасидан чангни самарали тозалади — буни тизим фаоллаштирилишидан олдин ва кейин олинган суратлар тасдиқлади. Тест 2025 йил 16 март куни якунланган Firefly Aerospace компаниясининг Blue Ghostмиссияси портида ўтказилган. Синов натижалари янги технология космик аппаратларнинг ўта муҳим элементлари — шиша панеллар ва иссиқлик радиаторларини чангдан тозалашга қодир эканини кўрсатган.
Ой чанги космик миссиялар учун жиддий хавф туғдиради. Ой юзасига миллиардлаб йиллар давомида урилган микрометеоритлар ва сувнинг йўқлиги сабаб ушбучанглар устара каби ўткир шаклга кирган. Космик нурларнинг доимий бомбардимони ҳар бир заррага электростатик заряд берган. Натижада кўмир каби ёпишқоқ чанг скафандрлар, линзалар ва бошқа ускуналарни қоплаб олади.
Ушбу муаммо 1960 йиллардаги биринчи Ой миссиясидан бери мавжуд. НАСА томонидан ишлаб чиқилган ЭДС қалқони юқори вольтли ўзгарувчан сигналларни тақдим этадиган митти электродлардан фойдаланади. Ўзгарувчан электр майдон диэлектрофоретик кучни ҳосил қилади — у ускуналар юзасидан чангни «қувадиган» тўлқиндир. Тизимнинг асосий афзаллиги — ҳаракатланувчи қисмларининг йўқлигида. У доимий ёки вақти-вақти билан оптика, қуёш панеллари, скафандрлар, радиаторлар ва бошқа юзалардаги чангни тозалаши мумкин.
Мадинабону Насриева, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА