Имтиёзлардан фойдаланувчилар сони ортмоқда

Мамлакатимизда энергия тежамкорлигига эришишда «яшил энергия»дан фойдаланиш амалиёти тобора кенг жорий этилмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан объектларда қуёш панеллари ўрнатиш ишларини мувофиқлаштириш вазифаси божхона органларига бириктирилган.
Бу борада Қорақалпоғистон Республикаси Божхона бошқармасида тузилган ишчи гуруҳ вакиллари бу гал Бўзатов туманида бўлиб, давлат идоралари, ижтимоий объектлар, тадбиркорлик субъектлари ва аҳоли хонадонларига ўрнатилган қуёш панелларининг самарадорлигини ўрганди.
Бўзатов туманидаги Қусхона тоғ овул фуқаролар йиғинида яшовчи К.Жахсибоева ўзининг уйига 3 кВт. қувватдаги қуёш панелларини ўрнатган. Оиласидаги электр истеъмоли учун сарфланадиган маблағларининг тежалиши билан бирга, ортиб қолган энергияни тармоққа сотиш орқали қўшимча даромад ҳам кўраётганини таъкидлади.
Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори билан, қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатган ва улардан фойдаланувчи шахслар, улар фойдаланишга топширилган кундан эътиборан уч йил муддатга мол-мулк ёки ер солиғи, шунингдек, ортиқча энергияни давлатга сотишдан олинган даромаддан фойда солиғидан озод этилиши ҳам белгиланган.

Ишчи гуруҳ ўрганишларни тумандаги 20-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабига ўрнатилган 10 кВт. қувватдаги, шунингдек, туман Тиббиёт бирлашмасига ўрнатилган 30 кВт. қувватдаги қуёш панелларининг ҳолати ва самарадорлигини ўрганиш билан давом эттирди.
Маълумот учун, шу кунгача Қорақалпоғистон Республикасида жами 1980 тадбиркорлик субъектларига 21,2 МВт. (мегаватт), 5190 та хонадонга 16,7 МВт. қувватдаги, 1144 та ижтимоий объект ва давлат идораларига 15,7 МВт. қувватдаги қуёш панеллари ўрнатилган.
А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги