Тадбиркор аёлларга имкониятларнинг бир кўриниши

Ўзбекистонлик аёлларнинг тадбиркорлик соҳасидаги фаолиятини рағбатлантириш, иқтидорини юзага чиқариш, раҳбарлик муваффақиятларини оммалаштириш, мустақил бизнес очиш борасидаги ижтимоий ташаббусларини қўллаб-қувватлашга кўмак берувчи “Ишбилармон аёл” кўрик танловига республикамиз бўйлаб старт берилди.
O‘zLiDePнинг энг йирик лойиҳаларидан бўлган бу ўзига хос беллашувнинг илк саралаш босқичлари шу кунларда маҳаллаларда бўлиб ўтмоқда. Тахиатош тумани Дўстлик маҳалласида ушбу танловнинг маҳалла босқичи бўлиб ўтди.
-Танловни ўтказишдан асосий мақсад, мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, сиёсий жараёнларнинг мазмун-моҳиятини аёллар ўртасида кенгроқ тарғиб қилиш, – дейди O‘zLiDeP Тахиатош тумани кенгаши аппарат раҳбари Қуанишбай Аймуратов. – Шунинг баробарида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшаётган хотин-қизларимизни рағбатлантириш ҳам кўзда тутилган. Тадбир доирасида республиканинг энг чекка қишлоқларигача бўлган ҳудудлардаги хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, улар ўртасида оилавий тадбиркорликни ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.
Танлов доирасида ўтказилган йиғилишда аёлларни қўллаб-қувватлаш, уларни ишлаб чиқаришга жалб этиш борасида амалга оширилаётган лойиҳалар хусусида ҳам сўз борди. Айниқса, жорий йилнинг 19 март куни давлат раҳбари тадбиркорлар билан мулоқотида соҳада хотин-қизлар учун катта имкониятлар эшигини очганини таъкидлашди.



Саралашда ушбу маҳаллада 2011 йилдан буён тикувчилик билан шуғулланиб келаётган якка тадбиркор Гулсинай Атамуратованинг фаолияти ҳайъат аъзолари томонидан юқори баҳоланди. У ҳозирда “Аёллар дафтари”даги 5 нафар маҳалладошини иш билан таъминлаган.
Ғолибга партиянинг диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги