Дипломатик мулоқотлар ҳамкорликнинг мустаҳкамланишига хизмат қилади

199

Муносабат

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ташқи сиёсатининг муҳим мулоқот воситасига айланган парламент дипломатияси ва парламентлараро алоқалар янада кучайиб бормоқда.

Ўтган беш йил мобайнида мамлакатимиз Парламентлараро иттифоқ, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти парламент ассамблеяларига аъзо бўлди. Шунингдек, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Хотин-қизлар форуми, Марказий Осиё мамлакатларининг иккинчи парламентлараро форуми каби нуфузли халқаро тадбирларга раислик қилди.

2025 йил 5-9 апрель кунлари Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Ўзбекистонда ўтказилиши мамлакатимиз учун муҳим аҳамиятга эга. Бу – халқаро ҳамжамият томонидан Ўзбекистонда олиб борилаётган демократик ислоҳотлар ва парламентаризм ривожига берилган юксак баҳодир. Тадбирда 180 дан ортиқ давлат, 15 та кузатувчи мамлакат ҳамда 25 дан ортиқ халқаро ва парламентлараро ташкилотлардан 2 мингга яқин делегат иштирок этиши кутилмоқда.

Мажлиснинг асосий мавзуси – «Ижтимоий ривожланиш ва адолат учун парламент ҳаракати» бўлиб, унда камбағалликка барҳам бериш, муносиб меҳнат шароитларини таъминлаш, ижтимоий инклюзия ва тенг ҳуқуқлилик каби долзарб масалалар муҳокама қилинади.

Тадбир Ўзбекистон парламентига халқаро тажриба алмашиш, ислоҳотларни намойиш этиш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш имконини беради. Қабул қилиниши кутилаётган декларация ва бошқа муҳим ҳужжатлар эса парламентлараро муносабатларни ривожлантиришга хизмат қилади. Шу билан бирга, бу халқаро миқёсда Ўзбекистон парламентининг нуфузи ортиб бораётгани ва миллий қонун ижодкорлиги ҳамда парламент назорати соҳасида орттирилган тажрибанинг кенг эътироф этилаётганини тасдиқлайди.

Ўзбекистоннинг Парламентлараро иттифоққа аъзолиги 2017 йилда қайта тикланганидан буён мамлакатимиз миллий парламентаризм ва барқарор ривожланиш соҳасида катта тажриба тўплади. Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар томонидан юксак баҳоланмоқда.

Ассамблея «Ўзбекистон – 2030» стратегияси ва бошқа муҳим дастурлар доирасида мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларни кенг халқаро ҳамжамиятга етказиш учун қулай платформа бўлиб хизмат қилади. Мажлис давомида парламентларнинг 2030 йилгача стратегияни амалга оширишдаги иштироки, барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, инсон ҳуқуқлари, гендер тенглиги, ёшларнинг имкониятларини кенгайтириш ва иқлим ўзгаришига қарши курашишда парламентлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш каби масалалар муҳокама қилинади.

Ўзбекистонда демократик ислоҳотлар билан уйғун ҳолда иқтисодий ислоҳотлар ҳам изчил олиб борилмоқда. 2023 йил давомида ялпи ички маҳсулот 6,5 фоизга ўсиб, 115 миллиард АҚШ долларига етди. 2024 йилда бу кўрсаткич аҳоли жон бошига 3093 долларни ташкил этган бўлса, 2025 йилда 3251 долларни ташкил этиши кутилмоқда. Йиллик инфляция 9,8 фоизни ташкил этди. Хорижий инвестициялар ҳажми эса, 34,9 миллиард АҚШ долларига етиб, 1,6 баробарга, тоғ-кон, нефть-газ, кимё ва қишлоқ хўжалиги соҳаларига йўналтирилган инвестициялар 2 баробарга ошди.

Мухтасар айтганда, Парламентлараро иттифоқнинг 150-ассамблеяси Ўзбекистонда ўтказилиши – Президентимиз томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ташқи сиёсат стратегияси самарадорлигига халқаро ҳамжамиятнинг юксак ишончи ва эътирофининг ёрқин далилидир. Шу билан бирга, ушбу тадбир мамлакатимиз иқтисодиёти ва ижтимоий тараққиётига ижобий таъсир кўрсатиб, халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Руслан Джумамуратов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги